Logo

Меҳнат бозори ва сунъий интеллект: унинг бизнесга таъсири қандай?

Сунъий интеллект (СИ) меҳнат бозорини тубдан ўзгартириши мумкинлиги иқтисодчилар ва бизнес етакчилари томонидан фаол муҳокама қилинмоқда. Бироқ у бизнеснинг ўзига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин ва бу мавзу ҳалигача етарлича эътиборга тушгани йўқ.

Меҳнат бозори ва сунъий интеллект: унинг бизнесга таъсири қандай?

Нима учун бу масала жуда муҳим экани ҳақида «Project Syndicate» учун ёзган мақоласида Кембриж университети давлат сиёсати профессори Диана Койл фикр юритади.

 

Янги технологик тўлқин нима олиб келади?

Кўпчилик СИ меҳнат бозорида апокалиптик оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Бу йил Давосда бўлиб ўтган форумда технологиянинг бандликка таъсири борасида жиддий огоҳлантиришлар янгради, яқинда «оқ ёқалилар» ўртасида иш ўринларининг қисқариши ҳақидаги эълонлар эса келажакдаги ўзгаришлар хабарчиси сифатида қабул қилинмоқда.

Бироқ СИнинг бизнесга кенгроқ таъсири ҳали муносиб даражада таҳлил қилинмаган. Энг ишончли сўровлар натижасига кўра, компанияларнинг катта қисми ҳали СИни жорий этмаган. Аммо унинг оммалашуви, эҳтимол, корхоналар ичида жиддий қайта ташкил этиш жараёнлари билан бирга кечади. Бунинг сабаби шундаки, СИ — қарор қабул қилиш жараёнларига таъсир кўрсатувчи ахборот технологиясидир.

1990-йиллардан бошланган аввалги рақамли технологиялар тўлқини бизнесни кўп жиҳатдан ўзгартирди. Ҳисоблаш ва коммуникация соҳасидаги ютуқлар интернетни яратишга замин бўлди, смартфонлар ва симсиз тармоқлар эса уни янада мобиллаштирди. Натижада, вертикал интеграцияланган ишлаб чиқариш моделидан глобал тақсимланган таъминот занжирларига, корпоратив иерархиялардан соддалаштирилган бошқарув тузилмаларига ўтиш юз берди. Албатта, сиёсат ва тартибга солиш соҳасидаги ўзгаришлар ишлаб чиқариш глобаллашуви ва трансчегаравий савдонинг оммавий ўсишига туртки берди. Бироқ технологик инновацияларсиз бу жараёнлар амалга ошмас эди.

Рақамлаштиришнинг яна бир натижаси платформавий бизнес моделларининг ўсиши бўлди. Улар алгоритмик воситалар орқали етказиб берувчилар ва мижозлар ўртасида воситачилик қилади, рақамли инфратузилма асосида кенг логистика тармоқларини яратади. Маълумотлар ва алгоритмларга таянган платформалар кўплаб соҳаларда фаолият юритиб, кўп ҳолларда ўз бозорларида устунлик қилади. Улар меҳнат тузилмасига ҳам, истеъмол моделларига ҳам жиддий таъсир кўрсатди.

 

СИ компанияларни қандай ўзгартиради?

Энди асосий савол сунъий интеллект компанияларни келгусида қандай ўзгартиришига бориб тақалмоқда. Ўтган ёзда Интеллектуал мулк бўйича жаҳон ташкилоти йиғинида «World Intellectual Property Organization» тадбирида «Dell Technologies» компаниясининг катта вице-президенти ва бош операцион директор маслаҳатчиси Вивек Мохиндра «ташкилий имкониятлар» компаниянинг барқарор рақобат устунлигининг манбаи эканини таъкидлаган эди («Dell»нинг асосий номоддий активи эса унинг таъминот занжири ҳисобланади). Аммо, унинг қўшимча қилишича, СИ аҳамиятли компетенциялар таркибини ўзгартирмоқда ва уларни ўлчашни қийинлаштирмоқда.

Айрим соҳалар СИ таъсирига айниқса мойил кўринади. Қатор экспертлар бу технология ҳуқуқ, бухгалтерия ва молия соҳасидаги бошланғич лавозимларни автоматлаштириш салоҳиятига эга эканини аллақачон қайд этган. Шунингдек, технологик компаниялар дастурий таъминот ишлаб чиқиш вақт ва харажатларини қисқартириш учун ўз СИ моделларидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Бу эса келажакда дастурчиларга эҳтиёж камайиши мумкинлигини англатади.

Аммо агар компанияларда кичик лавозимдаги ходимлар сафлари қисқарса, зарур кўникмаларни келажак авлодига қандай узатиш мумкин? Масалан, код ёзишда СИдан фойдаланиш мутахассисларда зарур амалий кўникмалар шаклланишига тўсқинлик қилаётгани ҳақида далиллар пайдо бўлмоқда.

Генератив СИ корпоратив тузилмаларни ҳам ўзгартиради. Эҳтимолий натижалардан бири — ташкилотларни янада соддалаштириш жараёни давом этиб, компаниялар кўпроқ вазифаларни аутсорсингга бериш имконига эга бўлади. «OpenAI» раҳбари Сэм Алтман ҳатто бозор қиймати 1 млрд долларга тенг, аммо ягона ходимга эга «юнкорн» стартап пайдо бўлишини башорат қилган. СИ-агентлар турли ташкилотлар ўртасидаги музокараларда юзага келадиган тирашувни юмшатиши, шунингдек мураккаб таъминот занжирларини назорат қилиши мумкин.

Бироқ айрим иқтисодчилар генератив СИ ташкилотларни қайта марказлаштиришга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди. Чунки у инсон идроки ва амалий тажрибасида мужассам бўлган ноаниқ, яширин билимни англаш қобилиятига эга бўлиши мумкин. Ҳар қандай бизнес ана шу билимга таянади.

Кичик бир мисолни кўриб чиқайлик: Лондон метросида ишлаган техник муҳандис «Victoria» линиясидаги вагон ғилдираклари ноодатий эгри релс туфайли қўшимча мойлашни талаб қилишини пайқаган. У нафақага чиққанидан кейин бу билим йўқолган ва натижада ушбу линия поездлари тез-тез бузила бошлаган — чунки ғилдираклар тезроқ ейилган.

Бундай ноаниқ билим одатда расман ёзиб қўйилмайди ёки ўқитилмайди. Аммо агар у ходимларнинг такрорий ҳаракатларида акс этса, янги СИ иловалари ушбу ноу-ҳауни «ушлаб олиш» ва уни кодлаш имконига эга бўлиши мумкин.

 

Бизнес етакчилари олдидаги асосий саволлар

Бизнес ва сиёсат етакчилари СИ таъсирида юз бераётган ташкилий ўзгаришларни мунтазам кузатиб бориши керак. Бу уларга яқин истиқболда деярли муқаррар бўлган тузилмавий силжишларга тайёр туриш имконини беради. Бундай саъй-ҳаракатларнинг муҳим қисми — одамларга меҳнат бозоридаги йирик ларзаларни олдинги автоматлаштириш тўлқинларига нисбатан енгилроқ ва муваффақиятлироқ енгиб ўтиш имконини яратишдир. 1990-йиллардаги ишлаб чиқариш автоматлаштирилишига берилган етарли бўлмаган жавобни такрорламаслик айниқса муҳим. Ўшанда кўплаб ривожланган мамлакатларда постиндустриал таназзул «асоратлари» қолган эди.

Олдиндан тайёргарлик кўриш компанияларга СИни шундай жорий этиш имконини берадики, бу уларнинг ташкилий салоҳиятини кучайтиради ва ўз навбатида, бутун иқтисодиёт самарадорлигини оширади. Ҳар бир компания раҳбари СИни қандай жорий этишини пухта ўйлаб чиқиши лозим. Хусусан, у ишлаб чиқариш жараёнларини қандай ўзгартиради, қайси ноаниқ билимларни самаралироқ ишга солиши мумкин ва қарор қабул қилиш учун масъулият ким зиммасида бўлади — шу каби саволлар очиқ қолмаслиги керак. Қисқача айтганда, янги технологик тўлқин шароитида рақобат устунлигини сақлаб қолиш учун аниқ режа зарур.

Келгуси ўн йил ичида иқтисодиёт бошдан кечирадиган тузилмавий ўзгаришлар сўнгги ўн йилликлардагидан кам бўлмаган, балки ундан ҳам кескин бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. СИ иш жараёнларини, кўпчилик кутганидек, тубдан ўзгартиради. Бироқ шуни унутмаслик керакки, у бизнес манзарасини ҳам қайта шакллантиради.

Теглар

Мавзуга оид