add

«Мен хизматкорман» — Саида Мирзиёева отаси билан бирга ишлаш ва давлат хизмати ҳақида

Бугун 08:584 дақиқа

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг илк катта интервюсида тўққиз йилдан бери президент ва отаси Шавкат Мирзиёев билан елкама-елка ишлаётганини сўзлаб берди. Ўзини «хизматкор» деб атар экан, у «Мен фақат фойдам тегишини хоҳлайман» деди.

«Мен хизматкорман» — Саида Мирзиёева отаси билан бирга ишлаш ва давлат хизмати ҳақида

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг «Alter Ego» лойиҳасига илк катта интервюси эълон қилинди. Бошловчи Кирилл Алтман билан суҳбатда у ҳокимият тизимидаги роли, отаси — Президент Шавкат Мирзиёев билан муносабатлари, унинг иш услуби, сўнгги тўққиз йилдаги шахсий ўзгаришлари ва давлат хизмати унинг учун нима англатиши ҳақида гапирди.

 

«Мен — хизматкорман»

Интервю аввалида Кирилл Алтман Саида Мирзиёева ҳақида маълумот жуда камлигини таъкидлаб, унга ўзини ким деб қилишини сўзлаб беришни таклиф қилди.

«Менимча, буни менга сиз айтишингиз керак, сизнинг кўзингизда мен ким бўлиб кўринаман? Менга ҳам қизиқ. Чунки мен бу ҳаётда фидбек (яъни, таскари алоқа) олмайман», — деди у.

«Ўзингизни кўпроқ ким деб ҳис қиласиз?» — дея берилган аниқлаштирувчи саволга Мирзиёева очиқ жавоб берди:

«Мен — хизматкорман. Мен, энг аввало, ўз отамга хизмат қиламан. Чунки у менинг ҳаётимда жуда катта шахс».

Унинг айтишича, отаси уни туғилганидан бери мустақил шахс сифатида тарбиялаган ва шунга яраша муносабатда бўлган. Бу, эҳтимол, унинг нафақат ота уруғи томонидан, она уруғи томонидан ҳам оилада тўнғич ва орзиқиб кутилган фарзанд бўлгани билан боғлиқ. Шу боис, унга бола сифатида эмас, балки шахс сифатида муносабатда бўлишган.

Саида Мирзиёева таъкидлашича, унинг характери шаклланишида асосий ролни отаси ўйнаган — у унга жавобгарликни, қарорларда қатъийликни ўргатган. Оилада иерархия ва катталарга ҳурмат қоидаси сингдирилган — унга «сиз» деб мурожаат қилишган. Ҳатто ундан бир ярим ёш кичик синглиси Шаҳноза Мирзиёева ҳам уни доим сизлаб келган. Унинг сўзларига кўра, бу устувор оилавий қоидалар ифодаси бўлган.

«Дадажоним мени шундай шакллантирган: «Саида айтган бўлса — у айтгандек бўлади», дерди. Ҳамма мени сизларди. Мендан атиги бир ярим ёш кичик синглим ҳам сизларди. Чунки шундай урф эди. Шунда мен тушундимки, болалигимиздан ота‑онам биз фарзандларда айнан шундай иерархияни шакллантиришган: каттага ҳурмат ва иззат кўрсатилиши керак. Мен ҳозир ўз ҳаётимни шу хизматга бағишлаганман. Мен фақат фойдам тегишини хоҳлайман. Ҳатто фарзандларимни ҳам шу руҳда тарбиялаяпман», — деди у.

 

«Тўққиз йилдан бери у киши билан эртаю кеч биргаман»

Бошловчининг унинг сиёсий майдонга «органик тарзда» кириб келгани ҳақидаги гапларига муносабат билдирган Саида Мирзиёева, бунинг ортида кундалик ва кўп йиллик меҳнат турганини таъкидлади:

«Аслида, мен тўққиз йилдан бери у киши билан эртаю кеча бирга юраман. Менинг ўз ҳаётим йўқ. Мен кунимни Администрацияда бошлайман ва кун якунланганда уйга шошаман. Баъзан дадам билан бирга машинада кетамиз. Баъзан эса уйга эртароқ югуриб бориб, болаларни йиғиб, бобожонини кутиб олиш учун тайёрлайман»

 

Мустақил қарорлар ҳақида

Президент Администрацияси раҳбари сифатидаги мустақиллиги ҳақидаги саволга жавоб берган Саида Мирзиёева, қарорларни муҳокама қилиш ҳар доим отаси билан муносабатларининг бир қисми бўлганини қайд этди:

«Биз ҳар доим бу масалаларни у киши билан муҳокама қилганмиз, ҳар доим ёнма‑ён юрганмиз… У киши инсонларни тарбиялашни биладиган инсон. Шахсга нисбатан жуда ҳурмат билан муносабатда бўлади ва унинг ўсиши учун ҳаммасига тайёр».

Унинг таъкидлашича, у бу йиллар давомида отасини «янги томондан тушуниб борган».

«Мана шу 10 йиллик тажриба менга ақл берди, сабр‑тоқатни ўргатди. Мен у кишидан жуда кўп нарсани ўргандим. Ҳатто болаларни, невараларни тарбиялашда ҳам», — деди у.

Саида Мирзиёева президентда «инсонни камол топтириш» қобилияти борлигини алоҳида таъкидлади:

«Биргина, кичкинтой ўғлим Шавкатни олайлик, у билан бобоси қандай мулоқотда бўлади? Мен қараб туриб ҳайрон қоламан! Мана, шахсни тарбиялашни биладиган инсон! У мени ҳам, гўёки шунчаки бир қизалоқни — тарбиялади. Биздаги патриархал жамиятда муҳим аёл бўлиш жуда қийин».

Саида Мирзиёевнинг қайд этишича, айнан отаси унга ўсиш учун зарур муҳитни яратиб берган — уни илк кунларданёқ ўз ёнига олган, ҳеч қандай расмий мақом ва очиқ оммавий фаолиятсиз, доимо ёнида ушлаган. Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, у киши билан бирга бўлиб, тинглаган, хулоса чиқарган, ёрдам берган ва қарорларни муҳокама қилишда иштирок этган.

«У киши тинглашни билади ва ҳеч қачон «йўқ, сен ноҳақсан», демайди. Ҳеч қачон. Ана шу ажойиб фазилат, мен шунга ўрганишга ҳаракат қиляпман», — дея сўзини якунлади Саида Мирзиёева.

 

Жамоа ва бошқарув услуби ҳақида

Саида Мирзиёева ўз жамоаси ҳақида алоҳида тўхталиб, уни шахсан ўзи танлашига урғу берди:

«Бу жамоани мен ўзим танлайман. Ҳар бир инсон ҳаётимда катта ўрин тутади. У шунчаки ишга ёлланган киши эмас — бу мен яхши биладиган одам: у қандай яшайди, нималар билан қизиқади, қандай орзу-умидлари бор».

Унинг таъкидлашича, ходимлар ҳаётида иштирок этиш ва уларни энг аввало инсон сифатида қабул қилиш унинг учун жуда муҳим.

Саида Мирзиёева 1984 йил 4 ноябрда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети ва Ломоносов номидаги Москва давлат университетини тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди илмий даражасига эга.

2019–2020 йилларда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари лавозимида ишлаган. Кейинчалик — Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси васийлик кенгаши раиси ўринбосари бўлган. 2023 йил августидан бошлаб Президентнинг биринчи ёрдамчиси сифатида фаолият юритган. 2025 йил июн ойида эса давлат раҳбарининг фармонига биноан Президент Администрацияси раҳбари этиб тайинланган.

Теглар

Мавзуга оид