Менингит: у қандай касаллик ва унга қарши вакциналар ҳақида

Бугун 16:155 дақиқа

Сўнгги ойларда Ўзбекистон ҳудудида менингит билан касалланиш ҳолатларининг қайд этилиши аҳоли орасида муайян хавотир ва саволларга сабаб бўлмоқда. Vaqt.uz мазкур вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу касаллик, унинг тарқалиши ва қандай ҳимояланиш ҳақида батафсил маълумотнома тайёрлади.

Менингит: у қандай касаллик ва унга қарши вакциналар ҳақида © SI asosida yaratilgan

23-апрел куни Республика Санитария-эпидемиология қўмитаси Ўзбекистонда менингит (қўзғатувчиси — менингокок инфекцияси) билан касалланиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида хабар берди.

Қўмита баёнотига кўра, 2026-йилда аҳоли орасида менингококк инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар бироз ортган. 2026-йилнинг I чорагида 174 та менингит ҳолати рўйхатга олинган бўлиб, шундан 168 нафари 14 ёшгача бўлган болаларни ташкил қилган. Инфекциянинг тарқалиш динамикасига кўра, касалланиш ҳолатлари апрелда март ойига нисбатан 14 фоизга камайган.

Қўмита ахборот хизматининг таъкидлашича, ҳозирги вазиятда ваҳима учун асос йўқ, республикада эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш учун керакли чоралар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ҳар ким касалликнинг илк аломатлари, юқиш йўллари ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиши, ўзи ва яқинларининг ҳолатини кузатиб бориши, шунингдек, ҳимоя чораларига амал қилиши лозим.

 

Бу қандай касаллик?

Менингит — бош ва орқа мия пардаларининг яллиғланиши бўлиб, кўпинча бактерия ёки вируслар сабабли юзага келади. Касаллик юқумлилик даражасининг юқорилиги ва шиддатли ривожланиши билан хавфлидир. Мазкур касаллик дунёнинг аксарият мамлакатларида соғлиқни сақлаш тизимидаги жиддий муаммо бўлиб, касалликка чалинган беморларнинг ўлим ҳолатлари ва ногиронлик даражасининг юқорилиги сабабли жиддий эътиборни талаб қилади.

Менингит бактериялар ёки вируслар туфайли юқиши мумкин. У асосан ҳаво-томчи йўли — йўталиш ёки аксириш пайтида шиллиқ ёки сўлак орқали тарқалади. Шунингдек, бемор ёки инфекция ташувчиси билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш орқали ҳам юқиши мумкин.

 

Менингит аломатлари қандай?

Менингокок инфекцияси организмга тушганида асаб тизимини шикастлайди. Беморда кузатиладиган илк белгилар:

·       тана ҳароратининг кескин ўта юқори даражага кўтарилиши;

·       кучли бош оғриғи;

·       бўйин мушакларининг қисқариши ва тортилиб қолиши;

·       кўнгил айниши, қусиш (болаларда диарея);

·       қусгандан кейин ҳам енгиллик сезилмаслиги;

·       идрок қобилиятида бузилиш ва галлюцинациялар;

·       овоз ёки ёруғликка ўта сезувчанлик;

·       қизил ёки кўкимтир тошмаларнинг пайдо бўлиши.

Бундай ҳолатлар кузатилганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур, чунки касалликнинг жиддий оқибатларига йўл қўймаслик учун илк соатларданоқ тиббий чоралар кўрилиши керак.

 

Қандай ҳимояланиш керак?

Санитария-эпидемиология қўмитаси маълумотларига кўра, менингокок инфекциясини юқтирмаслик учун бемор билан мулоқотда бўлмаслик, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш зарур. Шунингдек, ҳимояланишнинг энг ишончли ва самарали усули — эмланиш. Хусусан, хорижга сафарни режалаштирганларга вакцина қатъий тавсия этилади.

Мазкур касалликка қарши вакцина миллий эмлаш тақвимида назарда тутилмаган. Фақат эпидемиологик суриштирув асосида бемор билан бевосита мулоқотда бўлгани аниқланган шахслар давлат ҳисобидан бепул эмланади. Айни мақсадда ҳозиргача 4862 нафар фуқаро эмлаш билан қамраб олинган.

Инфекциядан ҳимояланмоқчи бўлганлар хусусий тартибда ваксинация марказларига мурожаат қилиб, эмланишлари мумкин.

 

Қайси вакцинани танлаш керак?

Малакали болалар шифокори Артём Батманов менингокок инфекциясига қарши ваксиналарнинг хусусиятлари ҳақида маълумот берди:

– Менингокок битта инфекция эмас, бутун бошли тўда. Унинг бир неча турлари мавжуд: A, C, W, B, Y. МДҲ давлатлари (хусусан, Ўзбекистон) ҳудудида асосан B, C, W ва A турлари учрайди.

Дунёдаги ҳеч бир ваксина инфекциянинг барча турларини бир мартада битта инйекцияда қамраб олмайди.

Ўзбекистонда мавжуд вакциналар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларни замонавий/оқсилли ва полисахарид ваксиналарга ажратиш мумкин. Оқсилли инекция иммунитетда узоқ муддатли хотира пайдо қилади, касаллик ташувчисини ўлдиради, чақалоқларда ҳам ҳимоя ҳосил қилади.

Полисахарид турлари эса 3-5 йил ҳимоя қилади, 2 ёшгача бўлган болаларда таъсир қилмайди. Шу боис мутахассис сифатида оқсилли ваксиналарни танлашни тавсия қиламан.

Ҳар бир ваксина турини алоҳида кўриб чиқамиз:

Меnastra (Ишлаб чиқарувчи — Россия): чақалоқларда 9 ойликдан бошлаб мумкин. A, C, W, Y турларидан ҳимоялайди.

MenQuadfi (Ишлаб чиқарувчи — Франция): чақалоқларда олти ҳафталикдан бошлаб мумкин. A, C, W, Y турларидан ҳимоялайди.

Menfive (Ишлаб чиқарувчи — Ҳиндистон): A, C, W, Y, Х турларидан ҳимоялайди. Кам учрайдиган штаммни ҳам қамраб олгани сабабли Африка ҳудудига борувчилар учун яхши танлов.

Menveyd (Ишлаб чиқарувчи — Ҳиндистон): 9 ойдан бошлаб барча ёш тоифалари учун. A, C, W, Y, X турларидан ҳимоялайди.

Menivax (Ишлаб чиқарувчи — Хитой): A, C, W, Y турларидан ҳимоялайди. 2 ёшдан бошлаб қилиш мумкин. Полисахаридли, нисбатан эски авлод ваксинаси ҳисобланади.

Bexcero (Ишлаб чиқарувчи — Британия): энг хавфли ҳисобланган B туридан ҳимоялайди. Болаларга  2 ойликдан бошлаб мумкин.

Trumenba (Ишлаб чиқарувчи — АҚШ): B туридан ҳимоялайди. 10 ёшдан катталар учун. Bexceroʼга яхши муқобил.

Mencevax (Ишлаб чиқарувчи — Белгия): A, C, W, Y турларидан ҳимоялайди. Полисахаридли ваксина, технологик жиҳатдан эски авлод саналади.

Mikrogen (Ишлаб чиқарувчи — Россия): А ва C турларидан ҳимоя. Чақалоқларга тўғри келмайди. Полисахаридли, эски авлод ваксинаси.

Nimenreks  (Ишлаб чиқарувчи — Белгия): A, C, W, Y 135. Олти ҳафтадан бошлаб қўллаш мумкин.

Кўриниб турибдики, асосан инфекциянинг B тури учун алоҳида ва бошқа турлари учун алоҳида вакцина эмланади. Инфэкциядан тўлиқ ҳимоянинг олтин формуласи: A, C, W, Y турлари учун алоҳида ҳамда B тури учун алоҳида инйекция олиш. Чунки иккаласи бир бирининг ўрнини тўлдира олмайди.  Бу икки вакцинани бир вақтда олиш мумкин. Фақат алоҳида шприцдан фойдаланиш ва тананинг турли қисмларига инекция қилиш керак.

Эмлашдан сўнг иситма ва инйекция жойида бироз оғриқ кузатилиши мумкин. Умумий ҳисобда, эмлаш жараёни енгил кечади.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистондаги эмлаш марказларида асосан Menivax вакцинаси таклиф қилинмоқда. Ушбу вакцина битта дозадан иборат бўлиб, нархи ўртача 600-650 минг сўмни ташкил этади. Оқсилли ваксина турларининг нархи 2 млн сўмдан бошланади.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.

Теглар

Мавзуга оид