Пойтахтда 545 та «ақлли» светофор ва 600 дан ортиқ кузатув камералари ўрнатилади

Bugun 22:092 daqiqa

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши жамоат транспортини яхшилаш бўйича янги чораларни тасдиқлади. Режада 240 та янги автобус, 56 км алоҳида йўлак ва 70 та янги бекат қуриш белгиланган.

Пойтахтда 545 та «ақлли» светофор ва 600 дан ортиқ кузатув камералари ўрнатилади © Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz»

Тошкент шаҳрида қўшимча равишда 240 та автобус харид қилиш орқали 16 та янги йўналиш ташкил этилади. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Қурилиш, коммунал, сув хўжалиги, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссияси қарорида келтирилган.

Қайд этилишича, ҳозирда пойтахтда тирбандлик вақтида автобусларни кутиш вақти сезиларли даражада ошиб, 35–40 дақиқагача етмоқда. Бунга сабаб сифатида ажратилган автобус йўлаклари шаҳар магистрал йўлларининг атиги 18,5 фоизини ташкил этиши ва жамоат транспортининг умумий қатновлардаги улуши пастлиги (35 фоиз) кўрсатилган. Бу ҳолат аҳолининг асосий қисми шахсий автомобиллардан фойдаланишига ва тирбандликлар кучайишига олиб келмоқда.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида кунлик қатновлар сонини қўшимча 2000 тага ошириш белгиланган. Шунингдек, жамоат транспортига устуворлик бериш мақсадида 16,2 км BRT йўлаклари ҳамда 56 км ажратилган автобус йўлаклари ташкил этилади. Ушбу йўлакларда назоратни кучайтириш учун 600 дан ортиқ камералар ўрнатиш режалаштирилган.

Бекатлар инфратузилмасини яхшилаш доирасида 1116 та бекат реконструксия қилинади ҳамда 70 та янги бекат қурилади. Таъкидланишича, ҳозирда 753 та бекатда конструксиялар мавжуд эмас, яна 836 таси эса етарли шароитлар билан таъминланмаган. Бундан ташқари, 545 та «ақлли» светофор ўрнатиш орқали транспорт ҳаракатини реал вақт режимида бошқариш тизими жорий этилади.

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимида 169 та йўналишда 1927 та автобус фаолият юритмоқда ва кунлик йўловчилар сони 1,4 миллион нафарга етган.

Teglar

Mavzuga oid