Метан шохобчаларида газ нархи 5750 - 5800 сўмгача ошди
Метан нархи айрим ҳудудларда 10 фоизгача ошди. Энергетика вазирлиги VAQT.UZ'га бу ҳолат энергия ресурслари тарифлари оширилгани билан боғлиқлигини билдирди.
© Foto: Vaqt.uzИжтимоий тармоқларда Фарғона водийси ва Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги айрим метан шохобчаларида газ нархи 5 минг 700–5 минг 750 сўмгача кўтарилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Манба: davletov.uz
Шунингдек, Жиззах вилоятидаги довон ҳудудида ҳам метан 5 минг 500 сўмдан сотилаётгани айтилмоқда. Ҳатто нархлар айрим ҳудудларда эса нархлар 5 минг 800 сўмгача етган.
Бунгача метаннинг чакана нархи аксарият шохобчаларда 5 минг 250 сўм атрофида эди. Янги нархлар эса ҳудудларга қараб 8,5–10 фоиз атрофида ўсганини кўрсатмоқда.

Энергетика вазирлиги матбуот котиби Дилдора Хошимованинг VAQT.UZ'га маълум қилишича, метан нархидаги ўзгаришлар энергия ресурслари тарифларининг оширилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
«Тарифлар ошгани ҳисобидан нархлар ҳам кўтарилган. Метан шохобчалари хусусий ва тадбиркорлик субъекти ҳисобланади. Бугундан бошлаб энергия ресурслари тарифлари ҳам юридик, ҳам жисмоний шахслар учун оширилди», — деди вазирлик вакили.
Унинг таъкидлашича, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари мустақил хўжалик юритувчи субъектлар бўлгани учун чакана нархларни белгилашда иқтисодий омиллардан келиб чиқади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 июндан бошлаб АГТКШлар учун бир куб метр табиий газнинг улгуржи нархи 2500 сўмдан 2750 сўмгача оширилган эди. Шунингдек, 1 июндан электр энергияси ва табиий газ тарифларининг янги миқдорлари ҳам кучга кирди.