
Метан «заправка»лар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилмоқда
Асосий сабаб сифатида қўшни мамлакатдаги техник носозлик туфайли газ импорти қисқаргани келтирилган.

Ўзбекистонда метан «заправка»лар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади. Бу ҳақда Энергртика вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотлариига кўра, қўшни давлат газ тармоғида юз берган техник носозлик импорт ҳажмининг кескин камайишига олиб келган. Газ таъминотидаги ушбу ўзгариш аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз табиий газ билан таъминлашни биринчи вазифа сифатида кўндаланг қўйган. Носозлик айнан қайси қўшни давқлат ҳудудида рўй бергани маълум қилинмаган.
Расмийларга кўра, мактаблар, боғчалар, шифохоналар, олий таълим муассасалари ҳамда иссиқлик электр станцияларида газ босимининг пасайишига йўл қўймаслик учун тезкор чоралар кўрилмоқда. Шу мақсадда маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган режа-график асосида метан заправкалар фаолияти вақтинча чекланади. Бу, аввало, аҳоли эҳтиёжини қондиришни таъминлашга қаратилган.
Вазирлик таъкидлашича, чекловлар доимий эмас ва газ босимини меъёрга келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мутахассислар тармоқдаги барқарорликни тиклаш, айрим участкаларда босимни ошириш ва таъминотни тўлиқ қайта йўлга қўйиш учун зарур техник тадбирларни амалга оширмоқда.
Шунингдек, вазирлик ҳолатга оид қўшимча маълумотларни эълон қилиб борилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё ИЭСда газ турбинаси ротори алмаштирилаётгани сабаб мамлакатнинг айрим ҳудудларининг электр тармоқларида қисқа узилишлар кузатилиши мумкинлиги маълум қилинган эди.





