
Миграция агентлиги хорижда вафот этганларни ватанга қайтариш учун пул йиғаётган фирибгарлардан огоҳлантирди
Миграция агентлиги хорижда вафот этган фуқаролар жасадини қайтариш давлат ҳисобидан амалга оширилишини маълум қилди.

Ўзбекистон Миграция агентлиги ижтимоий тармоқларда хорижда вафот этган фуқаролар жасадларини юртга олиб келиш учун пул йиғиш ҳолатлари кўпайгани муносабати билан аҳолини эҳтиёткорликка чақирди. Агентлик бундай маблағ йиғишлар қонунга зид эканини, шу баҳонада ҳаракат қилаётган шахслар фирибгар бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Расмий маълумотларга кўра, айрим ижтимоий тармоқ саҳифаларида турли пластик карталар орқали хайрия ёки «ёрдам» сифатида пул ўтказишга даъватлар тарқалмоқда. Бу ҳолатларда одамларнинг ҳис-туйғуларига таъсир қилиш, ачиниш ва шошилинч қарор қабул қилишга ундаш усуллари қўлланилмоқда. Айрим хабарлар эса эски ёки нотўғри маълумотларга асосланган бўлиб, воқеликка мос келмайди.
Миграция агентлиги бундай чақириқларга ишонмаслик, ҳеч қандай пул ўтказмаслик лозимлигини уқтирди. Қонуний ва ишончли ягона йўл сифатида фуқаролар ва уларнинг яқинларига тўғридан-тўғри агентликка мурожаат қилиш тавсия этилди. Шу орқали ҳолат текширилиб, белгиланган тартибда расмий ёрдам кўрсатилади.
Агентлик маълум қилишича, агар Ўзбекистон фуқароси хорижда вафот этса, унинг жасадини юртга олиб келиш билан боғлиқ барча харажатлар Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади. Бу жараёнда фуқаролар ёки уларнинг қариндошларидан ҳеч қандай тўлов талаб этилмайди.
Шу каби вазиятларга дуч келинганда ёки шубҳали хабарлар аниқланса, Миграция агентлигининг расмий алоқа каналлари орқали мурожаат қилиш сўралди. Хусусан, (71) 202−33−55, 1282 қисқа рақами ҳамда Telegram’даги @huquqiy_yordam_uzbot орқали ҳуқуқий маслаҳат олиш мумкин.





