add

Микроқарзлар учун қатъий чекловлар белгиланди

Бугун 11:354042 дақиқа

2026 йил 1 мартдан Ўзбекистонда аҳолига бериладиган микроқарз ва истеъмол кредитлари бўйича энг юқори миқдорлар белгиланади. Янги талабларга кўра, банклар кредит беришда қарз олувчининг ойлик даромади ва мавжуд қарз мажбуриятларини ҳисобга олиши шарт бўлади.

Микроқарзлар учун қатъий чекловлар белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 5 декабрдаги 31/9-сон қарори билан банкларга ўрнатилган макропруденсиал нормалар ҳамда микроқарз ва истеъмол кредитлари бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир низомга қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Ушбу қарор 2025 йил 18 декабр куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

Қарорга мувофиқ, кредит беришда «қарзнинг даромадга нисбати» деган янги кўрсаткич жорий этилди. У қарз олувчининг барча истеъмол кредитлари ва микроқарзлари бўйича асосий қарз миқдорининг ўртача ойлик даромадига нисбатини ифодалайди.

Янги талабларга кўра, 2026 йил 1 мартдан, агар қарз олувчининг расмий даромадларини тасдиқлаш имконияти мавжуд бўлса, кредит миқдори ушбу даромаднинг 8 бараваридан ошмаслиги лозим. Даромадни аниқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда эса бу кўрсаткич 5 баравар билан чекланади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун алоҳида тартиб белгиланиб, уларга нисбатан ҳам қарзнинг даромадга нисбати энг кўпи билан 8 баравар этиб белгиланди. Айни пайтда, банклар берган, аммо сўндирилмаган барча кредитларнинг 15 фоизигача қисми бўйича айрим ҳолларда ушбу кўрсаткич инобатга олинмаслиги мумкин.

Қарор билан, шунингдек, қарз олувчининг ўртача ойлик даромадини ҳисоблаш тартиби аниқлаштирилди. Банклар даромадни камида охирги 6 ой, кўпи билан 12 ойлик давр асосида ҳисоблаши шарт.

Мазкур чекловлар якка тартибдаги тадбиркорларга бериладиган кредитлар ва таълим кредитларига татбиқ этилмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бир нечта банклар битта йирик мижозга биргаликда кредит бериши тартиби тасдиқланганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид