add

Миллиардерлар бойишда, тенгсизлик эса кучайишда давом этмоқда

20.11.2025 | 19:514451 Дақиқа

Oxfam бойларни солиққа тортишга чақирди.

Миллиардерлар бойишда, тенгсизлик эса кучайишда давом этмоқда

G20 мамлакатларидаги миллиардерларга тегишли бойлик сўнгги бир йилда 16,5 фоизга ошиб, 15,6 триллион долларга етди. Бу ҳақда Oxfam халқаро хайрия ташкилот маълум қилди.

«G20 миллиардерлари атиги бир йил ичида тўплаган 2,2 триллион долларлик бойлик 3,8 миллиард кишини қашшоқликдан қутқариш учун етарли бўлар эди», — дейилади Oxfam баёнотида. Ташкилот ҳисоб-китобига кўра, бу мақсадга эришиш учун йилига 1,65 триллион доллар талаб этилади.

Маълум қилинишича, 2025 йилда G20 га раислик қилувчи Жанубий Африка Республикаси ҳукумати 22-23 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган саммитнинг бош мавзуси сифатида тенгсизлик муаммосини танлаган. ЖАР иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори Жозеф Стиглитс бошчилигидаги экспертлар гуруҳини бунга жалб қилиб, улардан «тенгсизлик масаласидаги фавқулодда вазият» ҳақида маъруза тайёрлашни сўраган.

«Тенгсизлик — бу онгли равишда қилинган сиёсий танловдир. Бойларнинг мол-мулки рекорд даражага етишига қарамай, ижтимоий фаровонлик ошгани йўқ, аксинча пасаймоқда, қарз юки эса ортиб боряпти... Агар ЖАР тенгсизлик муаммоси бўйича янги Халқаро экспертлар гуруҳини тузса, бу ўта долзарб инқирозни ҳал қилишда улкан қадам бўлади. Биз барча G20 давлатларини ЖАРни қўллаб-қувватлашга чақирамиз», — деди Oxfam International раҳбари Амитабҳ Беҳар.

Бундан ташқари, Oxfam G20 мамлакатларини 2024 йилда Рио-де-Жанейрода ўтказилган саммитда эришилган келишувга содиқ қолиб, миллиардерларни самарали солиққа тортиш мақсадини яна бир бор тасдиқлашга чақирди.

Теглар

Мавзуга оид