Миллий инвестиция жамғармаси акциялари «Premium» тоифага киритилди

Бугун 15:452 дақиқа

Миллий инвестиция жамғармаси акциялари илк бор дуал листинг доирасида «Тошкент» РФБ биржа котировкалаш варағига киритилди.

Миллий инвестиция жамғармаси акциялари «Premium» тоифага киритилди © Franklin Templeton

2026 йил 7 майдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси акциядорлик жамияти (UzNIF) оддий акциялари «Тошкент» Республика фонд биржасининг биржа котировкалаш варағи «Stock Market» майдончасидаги «Premium» тоифасига киритилди.

Мазкур жойлаштириш Жамғарма акцияларининг маҳаллий бирламчи оммавий таклифи (IPO) доирасида амалга оширилиб, инвесторлар учун миллий фонд бозори орқали оммавий савдоларда иштирок этиш имкониятини кенгайтиради.

Акцияларга тегишли ISIN коди UZ705898 сифатида белгиланган бўлиб, биржадаги тикер белгиси UZNF деб қайд этилди.

IPO доирасида акцияларга обуна жараёни 2026 йил 12 майга қадар давом этади. Аризаларни қабул қилиш Буюк Британия вақти билан соат 12:00 да, Тошкент вақти билан эса 17:00 да якунланади. Обуна жараёни «Лондон» фонд биржаси ҳамда «Тошкент» Республика фонд биржаси орқали амалга оширилмоқда.

Жамғарма акциялари бўйича савдоларни «Тошкент» Республика фонд биржасида 2026 йил 18 майдан бошлаш режалаштирилган. Ушбу жараёнда маҳаллий инвестиция воситачилари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 29-апрел куни UzNIF умумий ҳажми 1,95 млрд долларгача бўлган IPO бошланганини эълон қилганди. Жойлаштириш жараёни 2026-йил 12-майгача давом этади. IPO Лондон ва Тошкентда икки томонлама, «dual listing» кўринишида ўтказилади.

Таклиф нархи бир GDR учун 25 доллар, бир акция учун эса 4,65 сўм этиб белгиланган. Ҳар бир GDR 64 700 та акцияга тенг. Барча қимматли қоғозлар ягона акциядор — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан сотувга қўйилмоқда.

Жамғарманинг умумий акциялари сони 5 триллиондан ортиқ бўлиб, ушбу нарх компания капиталлашувини тахминан 1,95 миллиард долларга баҳоламоқда. IPO орқали компания акциядорлик капиталининг тахминан 30 фоизи инвесторларга таклиф этилади.

IPO икки қисмдан иборат: маҳаллий ва айрим хорижий инвесторлар учун акциялар, ҳамда халқаро институционал инвесторлар учун GDR’лар таклиф этилади.

«BlackRock», «Franklin Resources» ва «Redwheel» каби йирик фондлар, шунингдек, айрим ғазначилик компаниялари тахминан 300 млн долларлик GDR’ларга обуна бўлиш бўйича келишув тузган.

Жисмоний шахслар учун қўшимча рағбат сифатида 12 млрд сўмгача бўлган аризаларга 5 фоиз чегирма тақдим этилмоқда. Бу ҳолда акция нархи 4,41 сўмни ташкил қилади.

Чакана инвесторлар маҳаллий брокерлар (Alkes Research, Avesta Investment Group va Bluestone Financial Group Inc) ёки «Jett» платформаси орқали иштирок этиши мумкин. Савдолар Тошкент ва Лондон биржаларида тахминан 18-майдан бошланиши режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид