Миллий рейтинги юқори техникумларга рағбат пули берилади

Ўзбекистонда техникумлар ва академик лицейлар учун миллий рейтинг тизими жорий қилиниб, энг яхши 50 та муассасага 1,2 млрд сўмгача рағбат пули ажратилади.

Миллий рейтинги юқори техникумларга рағбат пули берилади © Foto: gov.uz

Адлия вазирлиги томонидан ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларининг миллий рейтингини юритиш ҳамда уларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди.

Рейтинг Таълим сифатини таъминлаш агентлиги томонидан шакллантирилади

Янги тартибга кўра, техникумлар ва академик лицейларнинг миллий рейтинглари алоҳида шакллантирилади. Уларни юритиш ваколати Таълим сифатини таъминлаш агентлигига юклатилган бўлиб, рейтинг натижалари ҳар йили 10 октябрга қадар эълон қилинади.

Миллий рейтинг маълумотлари қуйидаги манбалардан шакллантирилади:

Вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидаги маълумотлар;

Таълим ташкилотлари томонидан киритиладиган ҳужжатлар;

Умуммиллий сўровнома натижалари.

Шунингдек, ҳар йили 30 майга қадар ўқувчилар, педагоглар ва иш берувчилар ўртасида умуммиллий сўровнома ўтказилиши белгиланган. Бу механизм таълим сифатига холис баҳо бериш имконини яратади.

Рағбатлантириш

Миллий рейтингда энг юқори натижа қайд этган 50 та техникум базавий ҳисоблаш миқдорининг 3000 бараваригача маблағ билан рағбатлантирилади. Бу тахминан 1,2 миллиард сўмга тенг бўлиб, ажратилган маблағнинг 80 фоизи моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, 20 фоизи эса раҳбар ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Ушбу тартиб касбий таълим тизимида рақобатни ошириш, таълим сифатини яхшилаш ва муассасаларни самарали фаолиятга рағбатлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид