Минг долларлик кадрлар ва темир қоидалар: Авиаспоттинг орқали қандай даромад топиш мумкин?
Самолётларни суратга олиш шунчаки хобби эмас, балки яхшигина даромад манбаи ва улкан очиқ маълумотлар базаси (ОСИНТ) ҳисобланади. Хўш, споттерлар ўзи ким, халқаро платформаларда кадрлар қандай пулланади ва нима учун аэропорт атрофида объектив кўтариб юриш юқори ҳуқуқий саводхонликни талаб қилади?
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaСўнгги йилларда дунё бўйлаб, хусусан, Марказий Осиё минтақасида авиация соҳаси ва унинг инфратузилмасига бўлган эътибор жадал ортиб бормоқда. Бунга параллел равишда авиаспоттинг маданияти ҳам ихтисослашган визуал санъат ва ахборот йиғишнинг ўзига хос тармоғи сифатида шаклланиб улгурди.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Аслида, aviaspotting (инглизча aviation – авиация ва спот – аниқламоқ, кузатмоқ) – ҳаво кемаларини кузатиш, уларнинг ҳаракатини қайд этиш ҳамда визуал тарзда муҳрлаш фаолиятидир. Бу машғулот билан шуғулланувчи ихлосмандлар «споттерлар» деб аталади.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Бироқ улар шунчаки осмонга қараб суратга олувчи ҳаваскорлар эмас. Улар борт рақамлари, модификациялар ва самолётлар тарихини архивлаб борувчи, авиация техникаси, парвозлар хавфсизлиги қоидалари ҳамда метеорологиядан етарлича хабардор бўлган норасмий таҳлилчилардир.
Галереядан – глобал маълумотлар базасигача
Споттерлар объективида муҳрланган кадрлар шахсий архивларда шунчаки чанг босиб ётмайди, балки тезкорлик билан глобал маълумотлар базаларига интеграция қилинади. Бу платформалар қуруқ галерея эмас, авиация саноати учун улкан очиқ архив (ОСИНТ) вазифасини ҳам ўтайди. Масалан, дунёдаги энг йирик JetPhotos ёки Flightradar24 тизимларига юкланган суратлар парвоздаги самолётнинг том маънодаги «визуал паспорти»га айланади. Planespotters.net каби базалар ҳаво кемаларининг тўлиқ таржимаи ҳолини – завод рақамидан тортиб лизинг тарихигача жамласа, FlightAware ва RadarBox платформалари парвозлар режалари ва аэропортлардаги тирбандликларни реал вақтда таҳлил қилиш имконини беради.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Тўғри ёндашилса, ушбу машғулот бир неча йўналишда яхшигина молиявий манфаат келтириши мумкин. Аксарият авиакомпаниялар ўзларининг PR ва маркетинг кампаниялари учун сифатли кадрларни айнан споттерлардан тижорат лицензиялари асосида харид қилади. Фавқулодда вазиятлар ёки янги техникаларнинг илк синовлари акс этган эксклюзив кадрлар эса жаҳон оммавий ахборот воситаларида ўн минглаб долларга баҳоланиши ҳеч кимга сир эмас.
Тарихга муҳрланган лаҳзалар: аукционлардаги қимматбаҳо суратлар
Гарчи «споттер» атамаси замонавий лексиконга оид бўлса-да, авиация тарихидаги ноёб ҳолатларни муҳрлаган фотографлар асосан ўз асарларининг тарихий ва бадиий қиймати туфайли катта маблағ ишлаб келишган. Бозор конъюнктурасида энг юқори нархланадиган авиация суратлари – инсоният тарихини ўзгартирган воқеалар муҳрланган ва ҳозирги кунгача ўта чекланган нусхада етиб келган оригиналлардир. Бундай тарихий аҳамиятга эга илк парвозлар ва мудҳиш ҳалокатлар акс этган асарлар аукционларда ўртача 50 мингдан 200 минг долларгача баҳоланади. Хусусан, 1903 йилдаги ака-ука Райтларнинг илк парвози муҳрланган оригинал винтаге фотосуратлар коллекционерлар томонидан 100-200 минг долларга сотиб олинса, 1937 йили содир бўлган машъум «Ҳинденбург» дирижабли ҳалокатининг илк тасвирлари 80-150 минг доллар атрофида харидор топган.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Тарихий хроникалардан ташқари, замонавий фотографияда самолётларни оддий техника эмас, балки эстетик санъат асари сифатида кўрсатувчи йўналиш (Fine Art) ҳам мавжуд. Машҳур ландшафт фотографи Питер Ликнинг «Aviator Collection» туркумидаги эскирган ҳарбий ва фуқаро самолётлари суратлари бунга ёрқин мисолдир. Унинг «Midnight Flight» каби лимитланган асарлари аукционларда 9 500 доллар ва ундан қимматроққа пулланган. Бу ўринда нархни асосан муаллифнинг бренди, мукаммал композиция ва чекланган тираж (саноқли нусхалар) кафолатлайди.
Эксклюзив янгиликлар ва фожиалар ёхуд ҳарбий «сизиб чиқишлар» (леакс) ҳам авиаспоттингнинг даромадли, бироқ хатарли қирраларидан биридир. Масалан, 2000 йилда Парижда «Concorde» самолёти ёниб, ҳалокатга учраётган паллани венгер талабаси Андрас Бардос тасодифан расмга олган ва йирик ахборот агентликлари ушбу эксклюзив кадр ҳуқуқи учун ўз даврида 10 мингдан 50 минг долларгача гонорар тўлаган. Яширин ҳарбий базалар атрофида ҳали оммага эълон қилинмаган самолётлар (масалан, B-21 Raider) синовларини муҳрлаган жасур споттерлар ҳам нашрлардан катта пул ишлашади. Аммо бу турдаги фаолият кўпинча давлат сири ёки жосусликка доир ўта жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Хавфсизлик ва «темир қоидалар»
Бу қанчалик романтик ва даромадли соҳа бўлмасин, унинг қатъий, бузиб бўлмас қоидалари бор. Авиация – хавфсизлик ва тартиб устига қурилган ўта нозик тизим.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Споттингда хавфсизлик чораларига беписандлик қилиш нафақат шахснинг ўзи, балки умумий парвозлар хавфсизлиги учун мисли кўрилмаган фожиага айланиши мумкин.
Самолёт двигателидан чиқадиган реактив ҳаво оқими (Jet Blast) юзлаб метр масофадаги оғир жисмларни ҳам учириб юбориш қувватига эга, шу боис учиш йўлаклари атрофида ҳар доим хавфсиз масофа сақланиши шарт.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Объективнинг шишаси қуёш нурини қайтариб учувчи кўзини қамаштирмаслиги учун махсус блендалардан (ҳоод) фойдаланиш мажбурий саналади. Самолётга лазер йўналтириш эса энг оғир қоидабузарликлардан бирибўлиб, бу жиноят деб баҳоланади. Қолаверса, ҳудуд хавфсизлик хизмати ходимлари ва учувчиларда ортиқча шубҳа уйғотмаслик мақсадида споттерларнинг нур қайтарувчи махсус нимчалар (high-vis vest) кийиб юриши бутун дунёда ёзилмаган, бироқ қатъий талабдир.
«Стратегик объект» мақоми: амалиётдаги кейслар ва жавобгарлик
Ўзбекистон ҳудудида авиаспоттинг фаолияти узоқ йиллар ёпиқ мавзу бўлиб келганига қарамай, 2018 йилдаги ислоҳотлардан сўнг сезиларли даражада эркинлашди. Махсус кўриш майдончалари қурилиши муҳокама қилинди. Бироқ ҳуқуқий нозикликлар ҳамон ўз кучида. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 463-сонли қарори билан стратегик объектлар ва махсус белги қўйилган ҳудудларда расмга олиш чекланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 114-моддасига биноан, аэродром ҳудуди ва самолётлар тўхташ жойларида рухсатсиз юриш қатъий жавобгарликка сабаб бўлади.
Амалиётда ушбу талабларга эътиборсизлик шов-шувли ҳолатларни келтириб чиқарган. 2022 йилда россиялик сайёҳ Максим Лимарнинг Бухоро аэропортида дрон учириб қўлга олиниши мамлакат аэропортлари яқинида учувчисиз қурилмалардан фойдаланиш мутлақо тақиқланганини яна бир бор эслатди. Худди шу йили Тошкент халқаро аэропортига қўнаётган самолёт учувчиси кўзига лазер йўналтирган шахс 15 суткага маъмурий қамоққа олинган бўлса, 2024 йилда пойтахт осмонида ноқонуний дрон учирган венгриялик сайёҳ нафақат жаримага тортилди, балки қимматбаҳо қурилмасидан ҳам айрилди.
Хулоса ўрнида
Авиаспоттинг шунчаки булутлар орасидаги пўлат қушларнинг чиройли тасвирини овлаш эмас. Бу – ўзида юксак масъулият, техник малака ва аниқ юридик саводхонликни жамлаган ихтисослашган йўналиш. Бугун Ўзбекистонда ҳам ушбу маданият ривожи учун имконият эшиклари очилмоқда. Бироқ очиқлик қоидаларни четлаб ўтишни англатмайди: дронлардан ноқонуний фойдаланиш, стратегик ҳудудларга дахл қилиш ёки парвоз хавфсизлигига таҳдид солиш – ҳар қандай ҳолатда ҳам жиноий ва маъмурий жавобгарлик тарози тошига қўйилади.
Теглар






