
Мирзиёев: «Ўтган бир йилда 366 минг оила камбағалликдан чиқди»
Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш соҳасида қилинган чоралар сабабли камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушганлигини маълум қилди.
© Фото: president.uz 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти дастлабки прогнозга нисбатан анча юқори, яъни 7,7 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 147 миллиард доллардан ошиқ бўлди. Бу ҳақда 23 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг барча тармоқларида ўсиш суръатлари 2024-йилгидан юқори бўлган. Жалб қилинган хорижий инвестициялар 43 миллиард долларга, экспорт ҳажми 33,8 миллиард долларга етган.
Юқори иқтисодий фаоллик, ўсаётган истеъмол талабига қарамасдан, инфляция даражаси 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 7,3 фоизга пасайган.
«Нима учун бу рақамларни айтяпман? Чунки иқтисодий ўсиш қанчалик барқарор бўлса, инфратузилмани яхшилашга кўпроқ маблағ боради. Бу пировардида бандлик, даромад ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади», — деди Президент.
Ўтган бир йилда 366 минг оила камбағалликдан чиққан, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш соҳасида қилинган чоралар сабабли камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушган.
Шунингдек, Мирзиёев ҳокимлар ва «маҳалла еттилиги»га методик билим ва тажриба етишмаётгани, масъул вазирлик ва идоралар эса уларга кўмаклашмаётганини танқид қилди.
«Ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Биз 2026 йилни «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили», деб эълон қилиб, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича катта вазифаларни белгилаб олдик. Чунки маҳалла бу – ислоҳот қаерда ишлаётганини ҳам, қаерда тўхтаётганини ҳам аниқ кўрсатадиган жой. Маҳаллада ишсиз одам ва камбағал оила сақланиб қолган бўлса, демак, ислоҳот ўша ерга етиб бормаган. «Еттилик» ва банкир одамлар муаммосини ҳал қилмаётган бўлса, демак, шу ерда тизим ишламаяпти. Ҳеч бир вазир, вилоят, туман ҳокими, банкир «еттилик»ни баҳона қилишга ҳаққи йўқ. Имконият ва маблағ бор, қарор ва дастур бор. Етишмаётган нарса – масъулият, шахсий жавобгарлик», – деди Мирзиёев.





