Мирзиёев Озарбойжон ҳудудига дрон орқали уюштирилган ҳужумларни кескин қоралади
Бугун Ўзбекистон ва Озарбойжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилди.
© Foto: president.uzЎзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5-март куни Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари Озарбойжон ҳудудига учувчисиз учиш аппаратлари билан уюштирилган ҳужумларни кескин қоралаб, жароҳат олганларнинг тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Cўнгги кунларда Яқин Шарқ минтақасида кузатилаётган кескинликнинг авж олиши кўплаб тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келаётгани ва жиддий хавотир уйғотаётгани алоҳида қайд этилди.
Муборак Рамазон ойида рўй бераётган бундай воқеалар умуминсоний қадриятларга, халқаро нормалар ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойилларига зид экани таъкидланди.
Ўзбекистон етакчиси мамлакат фуқароларини Эрондан Озарбойжон ҳудуди орқали хавфсиз эвакуация қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ва яратилаётган шароитлар учун Илҳом Алиевга миннатдорлик билдирди.
Озарбойжон Президенти, ўз навбатида, Шавкат Мирзёевга дўстона суҳбат ва синовли дамларда кўрсатилган қўллаб-қувватлов учун алоҳида ташаккур изҳор этди.





