add

Мирзиёев пахтачиликни ривожлантирадиган янги таклифларни маъқуллади

Аграр университетларда икки йиллик «дуал таълим» жорий этилиши, пахтада ҳосилдорликни икки баравар ошириш режаси, фермерларга 5 миллион мукофот ва импорт уруғга чек қўйилиши — агросоҳада янги босқич бошланмоқда.

Мирзиёев пахтачиликни ривожлантирадиган янги таклифларни маъқуллади

Агрономларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Аграр университет ва соҳада агрономларни тайёрлайдиган бошқа олийгоҳлар битирувчилари учун икки йиллик «дуал таълим» механизми жорий этилади. Бу ҳақда бугун, 17 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев танишган пахтачиликда самарадорликни илғор тажриба ва технологиялар асосида ошириш, қишлоқ хўжалигини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тақдимотида айтилди.

Тақдимотда пахта хўжалигидаги паст ҳосилдорлик муаммоларини бартараф этиш, фермерлар билан манзилли иш олиб бориш ва илғор агротехнологияларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Мамлакат қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг 20 фоизини ташкил этиб, йилига 467 триллион сўмлик маҳсулот етказиб бераётгани таъкидланди. Шу билан бирга, аграр маҳсулотлар умумий экспортнинг учдан бир қисмини таъминламоқда.

Тақдимотда илғор фермерларни паст ҳосил олаётган хўжаликларга бириктириш тизими таклиф қилинди. Ҳосилдорлиги 60 центнердан юқори бўлган фермерлар 30 центнердан кам натижа кўрсатганларга устоз сифатида бириктирилади, қайта тайёрланиб сертификат олади. Агар паст ҳосилдор фермер 50 центнердан юқори натижага эришса, унга кўмаклашган илғор фермерга 5 миллион сўм мукофот берилади.

Агроном тайёрлаш тизимини кучайтириш мақсадида Аграр университет ва соҳадаги олийгоҳларда икки йиллик “дуал таълим” жорий этилади. Талабалар илғор кластер ва фермер хўжаликларида амалий ўқувдан ўтади, стипендия ва мутахассислар учун рағбат пули белгиланади.

Маҳаллий пахта навларини яратиш ишлари бўйича Геномика маркази ва Пахтачилик институтида фитотрон ва репродукцион иссиқхоналар барпо этилиб, нав яратиш муддати 2,5 баробарга қисқариши кутилмоқда. Бу импорт уруғга эҳтиёжни йўқотади.

Ғўзани плёнка остига экишни оммалаштириш, агродронлардан кенг фойдаланиш ва бу йўналишда кадрлар тайёрлаш вазифалари қўйилди. Шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни агросоҳага жорий этиш бўйича хорижий компаниялар билан ҳамкорликда қилинган ишлар тақдим этилди.

Молиявий қўллаб-қувватлаш борасида 2026 йилдан пахта, ғалла, мевалар ва дуккакли экинлар учун ихтиёрий суғурта тизимини жорий қилиш, суғурта мукофотининг ярмини бюджет ҳисобидан қоплаш таклиф этилди. Турли идоралар бериб келаётган 75 турдаги субсидияни ягона платформа орқали ажратиб борадиган Аграр тўлов агентлигини ташкил этиш ташаббуси ҳам билдирилди.

Президент таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Теглар

Мавзуга оид

Мирзиёев пахтачиликни ривожлантирадиган янги таклифларни маъқуллади | Vaqt.uz