add

Мирзиёев Россия президенти қароргоҳига ҳужум уринишини қоралади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилиб, Россия президенти қароргоҳига ҳужум уринишини қоралади.

Мирзиёев Россия президенти қароргоҳига ҳужум уринишини қоралади

2025 йил 30 декабр куни Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Суҳбат аввалида Ўзбекистон Президенти Россия раҳбарининг Нижний Новгород вилоятидаги давлат қароргоҳига ҳужум қилишга уринишни қатъий қоралади.

Давлат раҳбари бундай ҳаракатлар барқарорлик ва хавфсизликка, шу жумладан, узоқ муддатли тинчликка эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларга жиддий таҳдид солишини таъкидлади. Томонлар тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги халқаро саъй-ҳаракатлар муҳимлигини қайд этди.

Мулоқот давомида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон–Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Иқтисодий, сиёсий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш устувор вазифа экани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Геосиёсий вазият, хавфсизлик масалалари ҳамда бўлажак икки томонлама тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

Аввалроқ Сергей Лавров 29 декабрга ўтар кечаси Украина дронлари Россия президентининг Новгород областидаги давлат қароргоҳига ҳужум қилгани ҳақида маълумот берган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳужум 91 та узоқ масофали учувчисиз аппарат орқали амалга оширилган, жабрланганлар ёки зарар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 91 та дронни йўқ қилганини маълум қилди.

Теглар

Мавзуга оид