add

Мирзиёев Тўқаевни орден билан тақдирлади

Шавкат Мирзиёев Қосим-Жўмарт Тўқаевни икки халқ ўртасидаги дўстлик ва яқин қўшничиликни мустаҳкамлашдаги улкан хизмати учун «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирлади.

Мирзиёев Тўқаевни орден билан тақдирлади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жўмарт Тоқаевга мамлакатимизнинг энг олий давлат мукофотларидан бири — «Олий даражали Дўстлик» орденини топширди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Маросим чоғида давлат раҳбарлари икки халқ ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва стратегик шерикликнинг мустаҳкам пойдеворга эга эканини алоҳида таъкидладилар.

Қосим-Жўмарт Тўқаев ушбу мукофотни катта миннатдорлик билан қабул қилиб, уни нафақат ўз шахсига, балки бутун Қозоғистон халқига нисбатан чуқур ҳурмат ифодаси сифатида қабул қилишини билдирди.

У қўшма тарих, умумий қадриятлар ва қардошлик ришталари билан боғланган икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги мазмун билан бойиб бораётганини қайд этди.

Тўқаев сўзларида Абай ва Навоий мероси, улар тарғиб этган дўстлик ва ишонч руҳи бугунги кун ҳамкорлигида муҳим ўрин тутаётгани айтиб ўтилди.

Унинг фикрича, икки мамлакатнинг стратегик ҳамкорлиги ва иттифоқчилик муносабатлари доимий равишда янги қадамлар ва амалий натижалар билан бойиб боради.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз навбатида Қозоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ютуқлари, халқаро майдондаги муваффақиятлари Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг номи билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, адолатли жамият барпо этиш борасидаги ишлар чуқур эътиборга лойиқ.

Ўзбекистон раҳбари мукофот топширишни Қозоғистон Президентининг икки давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматларига берилган юксак баҳо сифатида баҳолади. Мирзиёев Қозоғистоннинг тараққиёти ва халқ фаровонлиги Ўзбекистон учун ҳам қадрли эканини таъкидлаб, қардош халқ муваффақиятларига самимий қувонишини билдирди.

Икки давлат етакчилари мазкур мукофот икки томонлама алоқаларнинг янги босқичга кўтарилаётганининг рамзи эканини таъкидладилар. Улар ҳамкорликни стратегик йўналишларда янада ривожлантиришга тайёр эканини қайд этди.

Теглар

Мавзуга оид

Мирзиёев Тўқаевни орден билан тақдирлади | Vaqt.uz