
Мирзиёев Трампнинг Ўзбекистонда туғилган маслаҳатчиси билан учрашди
Сержио Гор Шавкат Мирзиёевга Доналд Трампнинг саломи ва самимий тилакларини етказди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Кристофер Ландау ва бошқа расмий шахслар ҳам иштирок этган. Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларининг жорий йил 23 сентябр куни Нью-Йорк шаҳрида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
«Учрашув аввалида Сержио Гор давлатимиз раҳбарига АҚШ Президенти Дональд Трампнинг саломи ва самимий тилакларини етказди. Жадал сиёсий мулоқот, турли даражалардаги алмашинувлар ва фаол ишбилармонлик алоқалари йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, октябрь ойи бошида АҚШ Савдо палатаси делегациясининг ташрифи муваффақиятли ўтди», - дейилади хабарда.
Қабул қилинган «йўл харитаси» асосида саноат, молия, муҳим минераллар, энергетика, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш долзарблиги таъкидланган.
Томонлар хавфсизлик, терроризм ва экстремизм, ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳаларида шерикликни мустаҳкамлаш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан келгуси ҳафта Вашингтон шаҳрида «С5+1» форматидаги саммитни ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.
Маълумот учун, Сержио Гор 1986 йил 30 ноябрда Тошкентда туғилган ва кейинчалик АҚШда таълим олган.





