add

Мирзиёев UNESCOда бешта глобал ташаббус билан чиқди

Биринчи йўналиш таълим соҳасига бағишланди. Иккинчи ташаббус маданий меросни сақлаш билан боғлиқ.

Мирзиёев UNESCOда бешта глобал ташаббус билан чиқди

Бугун, 30 октябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари ўз нутқи давомида инклюзив таълимни ривожлантириш, номоддий маданий меросни сақлаб қолиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш, хотин-қизларнинг етакчилик қобилияти ва компетенциясини таъминлаш учун глобал дастурларни фаол ишга тушириш каби илғор ташаббусларни билдирди.

«Биринчидан, инклюзив таълимни ривожлантириш ва соҳада сунъий интеллект технологияларини кенг қўллаш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланмоқда.

Жисмоний ва ижтимоий хусусиятларидан қатъи назар, ҳар бир болага таълим олиши учун тенг имкониятларни яратиб бериш жуда муҳимдир. Бу борада ЮНЕСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун Инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини жорий этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Таълим соҳасида ўзаро билим ва тажриба алмашиш учун халқаро мулоқот форматини яратиш мақсадида Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш бўйича режамизни қўллаб-қувватлайсиз, деб ишонамиз.

Ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган ва креатив фикрлайдиган янги авлодни тарбиялаш устувор вазифамиздир. Сунъий интеллектни таълим тизимига кенг жорий этиш мақсадида юртимизда ЮНЕСКО иштирокида “Сунъий интеллект – мактаб” намунавий лойиҳасини амалга оширишга тайёрмиз.

Шунингдек, ЮНЕСКО шафелигида барча қитъаларнинг етакчи олийгоҳлари, педагогика ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирокида Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжуманини ўтказишни таклиф этамиз.

Иккинчидан, инсониятнинг бебаҳо хазинаси бўлган жаҳон номоддий маданий меросини сақлаб қолиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришимиз зарур.

Бундай ноёб мерос объектлари бўлган халқ оғзаки ижодиёти, қўлёзмалар, архивлар ва қимматли тарихий ҳужжатлар, маданий маълумотларни сақлаш, уларнинг барча учун очиқлигини таъминлаш мақсадида яратилган ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантиришдан манфаатдормиз.

Дунё маънавий хазинасини жамлаган ушбу дастур яратилган санани ҳар йили нишонлаш мақсадида 19 ноябрни “Ҳужжатли мерос халқаро куни”, деб эълон қилишни, шунингдек, ЮНЕСКО тузилмасига кирадиган Рақамли мерос бўйича халқаро институтни ташкил этишни таклиф қиламиз.

Маълумки, қадимий Бухоро ҳунармандчилик бўйича ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғининг аъзоси ҳисобланади. Биз ушбу шаҳарда 2027 йили мазкур йўналишда халқаро конгрессни қабул қилишга тайёрмиз.

Учинчидан, хотин-қизларнинг етакчилик қобилияти ва компетенциясини таъминлаш учун глобал дастурларни фаол ишга тушириш, айниқса, муҳимдир.

ЮНЕСКО статистика институти маълумотларига кўра, жаҳонда илмий ва маданий муассасалар раҳбарларининг 25 фоизи, таълим соҳаси бошқарувчиларининг 30 фоизи, тадқиқотчиларнинг 33 фоизи хотин-қизлардир. Бу эса аёллар ҳуқуқларини таъминлашда, афсуски, тенгсизлик ҳамон сақланиб қолаётганини тасдиқлайди.

Ваҳоланки, гендер тенглиги ЮНЕСКОнинг фундаментал, устувор вазифаларидан бири бўлиб, Ташкилотнинг барча ташаббуслари унга интеграция қилиниши зарурлиги белгилаб қўйилган. Бу борада аъзо давлатларнинг энг илғор тажриба ва амалиётини ўрганиш, билимлар алмашиш мақсадида Хотин-қизлар етакчилиги бўйича ЮНЕСКО академиясини ташкил этиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, Самарқандда барча қитъаларнинг машҳур тадқиқотчилари, санъат намояндалари, педагог ва ихтирочи хотин-қизларнинг Таълим, маданият ва фан соҳасидаги глобал форумини ўтказишни таклиф этамиз.

Тўртинчидан, иқлим инқирозига қарши биргаликда самарали курашиш ҳам долзарб масаладир.

Ўртача ҳароратнинг сезиларли даражада кўтарилиши, музликларнинг эриши, чўлланиш, тупроқ қатламлари емирилиши, урбанизация жараёнлари маданий мерос объектларининг ҳолатига жиддий таъсир ўтказмоқда.

Атроф-муҳитга масъулият билан ёндашаётган, “яшил” дастурларни муваффақиятли татбиқ этаётган шаҳарларни алоҳида эътироф этиш ва рағбатлантириш бўйича “ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти” глобал ташаббусини илгари сурамиз. Бундан ташқари, ЮНЕСКО Ижроия Кенгашининг “Глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини ишлаб чиқиш тарафдоримиз. Мазкур масала бўйича Хива шаҳрида халқаро симпозиум ўтказишга тайёрмиз.

Бешинчидан, виртуал маконда нохолис ахборотларни тарқатиш, жамоатчилик фикрини чалғитиш, дискриминацияга қарши биргаликда самарали чоралар кўриш жиддий заруратга айланмоқда.

Рақамли трансформация муҳитида дунёқараши шаклланаётган ёш авлоднинг энг яхши ижодий ишлари, мультимедиа ғояларини ўзаро алмашиш учун Болалар маданий контенти халқаро фестивалини ўтказиш ташаббусини билдирамиз.

Маълумотларни таҳлилий идрок этиш, ёшларни манипуляциядан ҳимоя қилиш, ахборот шаффофлигини таъминлаш мақсадида ЮНЕСКОнинг Медиа саводхонликни ривожлантириш бўйича кенг қамровли стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Яна бир масала. Дунёда динлараро зиддиятлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва тотувлик каби умуминсоний ғояларни кенг тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Ислом маданияти ва маърифатини дунёга тараннум этиш орқали радикализм ва исломофобияга қарши самарали курашиш мумкин. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган ноёб лойиҳалар – Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд тадқиқот марказлари салоҳиятидан биргаликда фойдаланишга чақирамиз», - деди Ўзбекистон президенти.

Теглар

Мавзуга оид

Мирзиёев UNESCOда бешта глобал ташаббус билан чиқди | Vaqt.uz