
Мирзиёев ва Жапаров телефон орқали суҳбатлашди
Икки давлат Президентлари қўшма инфратузилма лойиҳалари — сувдан тортиб темир йўлгача бўлган масалаларни кўриб чиққан.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 феврал куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбатда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган.
Маълумот учун, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш суръати барқарор ўсиб бормоқда.
«Саноат кооперацияси лойиҳалари амалга оширилмоқда, йирик инфратузилмавий лойиҳалар, шу жумладан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли ва Қамбарота гидроэлектр станцияси қурилиши бўйича биргаликдаги ишлар давом эттирилмоқда», - дейилади хабарда.
Президентлар минтақавий кун тартибининг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашган, шунингдек, икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини муҳокама қилган.





