
ММА жангчиси Шаҳзод Gold Узоқовга озодликни чеклаш жазоси тайинланди
Унинг яқин ойларда енгил вазн тоифасида қозоғистонлик аралаш яккакураш устаси Эркебулан Тўқтар билан эҳтимолий жанги кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаётганди.

Безориликда айбланиб, Тошкентда ҳибсга олинган таниқли ММА жангчиси Шаҳзод Gold Узоқовга 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов Vaqt.uz'га маълум қилди.
Абидовга кўра, Шаҳзод Gold Узоқов суднинг 7 ноябрдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3 кисми "а", "г" (безорилик – таҳр.) бандларида белгиланган жиноятни содир этишда айбли деб топилган.
Аввалроқ, Шаҳзод Узоқовнинг ўзи ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қилиб, Ўзбекистонга қайтаётгани ҳамда мамлакатга қайтса, уни қўлга олишлари мумкинлиги ҳақида гапириб берганди.
«2024 йил 5 ноябр куни Тошкентда пайтим бир жанжалли вазиятга тушиб қолдим. Менинг айбим ўша пайтда, ўша жойда бўлиб қолганим. Кўчада уруш бўлиб кетди, лекин мен ҳеч кимни урмаганман. Кейин ўша болалар ёзиб беришган. Бир муддат ўтиб мен профессионал фаолият учун Таиландга кетдим. Таиландга кетишим билан мени айбдор қилиб қўйишди. Буни Шаҳзод қилган, деган гап тарқатишган. Айбим — аввал судланганим. Вақт ўтди, яқинларимни соғиндим. Онамни Таиландга ҳам чақириб олдим. Лекин... Ёшлигимдан мен барибир чемпион бўламан ва халқимга хизмат қиламан, деган орзум бўлган. Таиландга келдим, мана, шукр, яхши натижа, ютуқларга эришяпман. Октагонга чиқолмаётганимнинг сабаби эса шу жанжал сабабли эди», – деганди спортчи.
Маълумот учун, Шаҳзод Узоқов 1999 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. Ёшлигидан жанг саънатлари билан шуғилланиб келган спортчи 2020 йилда безорилик иши билан бир неча йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кейинчалик у Таиландга кўчиб кетган ва аралаш жанг санъатлари (ММА) спорт тури тури билан профессионал тарзда шуғиллана бошлаган. Шаҳзод Узоқов айниқса ижтимоий тармоқларда кўп сонли мухлисларга эга спортчи ҳисобланади. Унинг яқин ойларда енгил вазн тоифасида қозоғистонлик аралаш яккакураш устаси Эркебулан Тўқтар билан эҳтимолий жанги айниқса кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаётганди.
Теглар






