MobiUZ, Beeline, Uztelecom ва Ucell: 2025 йилда ким қанча даромад қилди?
Vaqt.uz алоқа операторларининг ўтган йилги молиявий ҳисоботларини ўрганиб, ким қанча даромад ва фойда олганини таҳлил қилди.
© Gazeta.uzЎзбекистондаги йирик алоқа операторлари 2025 йилда биргаликда 20 трлн сўмдан ошиқ даромад қилди. Бунда жами фойда 781,3 млрд сўмни, тўланган солиқлар эса 2,46 трлн сўмни ташкил қилди.
Uztelecom барча кўрсаткичларда етакчилик қилди. Компания давлатга тегишли бўлгани учун йиллик молиявий ҳисоботини тақдим қилган.
Алоқа оператори 2025 йилда 10,6 трлн сўм даромад олди. Компаниянинг соф фойдаси 590,9 млрд сўмни ташкил этган бўлса, давлат бюджетига 1,37 трлн сўм солиқ тўлаган. Бу кўрсаткичлар бўйича Uztelecom бошқа алоқа операторларини сезиларли ортда қолдирди.

Даромад ҳажми бўйича иккинчи ўринни Ucell эгаллади. Операторнинг йиллик тушуми 4,14 трлн сўмни ташкил этди. Бироқ компаниянинг соф фойдаси атиги 5,6 млрд сўм бўлган. Шу билан бирга, Ucell давлат бюджетига 360,3 млрд сўм солиқ тўлаган.
Таққослаш учун, Ucell 2024 йилда 252,5 млрд сўм соф фойда олганди. Бир йил ичида компаниянинг соф фойдаси қарийб 98 фоизга камайди.
Beeline Uzbekistan эса 3,8 трлн сўм даромад олди. Компаниянинг соф фойдаси 11,2 млрд сўмни, бюджетга тўлаган солиқлари эса 495,4 млрд сўмни ташкил қилган. Солиқ тўловлари ҳажми бўйича Beeline иккинчи ўринда қайд этилди.
2024 йилнинг мос даврида Beeline 136,2 млрд сўм соф фойда олишга эришганди. 2025 йилда унинг фойдаси Ucell каби сезиларли — 91,8 фоизга камайиб кетди.
MobiUZ 2025 йилда 2,48 трлн сўм даромад олди. Компаниянинг соф фойдаси 173,6 млрд сўмни ташкил этиб, бу кўрсаткич бўйича Ucell ва Beeline'дан анча юқори натижа қайд этди. Оператор йил давомида 235,3 млрд сўм солиқ тўлаган.
MobiUZ 2024 йилга нисбатан фойдасини 39 баробар оширган. Компания яқинда 351 млн долларга АҚШлик инвесторларга сотилди ва 100 фоиз хусусийлаштирилди.
Uztelecom фойдаси бошқа алоқа операторларига нисбатан сезиларли юқори бўлишига компаниянинг мобил алоқадан ташқари симли алоқа, интернет ва бошқа телекоммуникация хизматларини ҳам кўрсатиши таъсир қилган. Beeline, Ucell ва MobiUZ эса асосан мобил (симсиз) алоқа хизматларини тақдим этади.
Алоқа операторлари молиявий кўрсаткичларини ҳисоблашда уларнинг молиявий ҳисоботлари, iHamkor.uz ва Солиқ қўмитаси маълумотларидан фойдаланилди.





