
Москвада Лавровнинг истеъфога чиқарилгани ҳақида миш-мишлар кучайди — CNN
Россияда ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг йўқолиши ва G20 саммитида иштирок этмаслиги унинг истеъфоси ҳақидаги миш-мишларни кучайтирди.

CNN маълумотларига кўра, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўнгги пайтлардаги фаолиятсизлиги Москвада жиддий шубҳалар уйғотган. Хусусан, унинг Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишида иштирок этмагани Кремлнинг ўз вазирига нисбатан муносабати ўзгаргани ҳақидаги миш-мишларни келтириб чиқарди.
Ушбу йиғилишда Владимир Путин ядровий синовларни қайта бошлаш эҳтимоли ҳақида гапирган ва барча доимий аъзолар қатнашган. Фақат Лавров кўринмаган. Расмийлар унинг «келишув асосида» қатнашмаганини айтди, аммо бу изоҳ шубҳаларни бартараф эта олмади.
Жамоатчиликдаги хавотир кучайгач, Кремл расмий баёнот беришга мажбур бўлди. Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Лавровнинг истеъфоси ҳақидаги маълумотларни «асоссиз» деб атади ва унинг ҳали ҳам вазир эканини тасдиқлади.
Шу билан бирга, Лавровнинг G20 саммитида Россия делегациясига раҳбарлик қилмаслиги яна бир сигнал сифатида баҳоланмоқда. Унинг ўрнига делегацияни президент маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Максим Орешкин бошқаради.
Кўпчилик ушбу ҳолатларни Лавров билан Кремл ўртасидаги муносабатлар совиб бориши сифатида баҳоламоқда. Айниқса, Лавровнинг Марко Рубио билан музокараларидан сўнг музлатилган Трамп ва Путин ўртасидаги саммитни ташкил этишдаги муваффақиятсизлик вазир учун катта зарба бўлди.





