
Москвада ўқувчилар Max мессенжерини ўрнатишдан бош тортмоқда
Кремл томонидан фаол тарғиб қилинаётган миллий мессенжер Max Москвада аҳоли қаршилигига учрамоқда. Мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари дастурни ўрнатишни истамаяпти.

«Новая газета» ва антрополог Александра Архипова хабарига кўра, Москва шаҳар маориф департаментининг ёпиқ йиғилишида эълон қилинган маълумотларга асосан, фақат 7 фоиз ўқувчи Max мессенжерини ўрнатган. Ота-оналар орасида бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил этган. Фақат ўқитувчиларда дастурни ўрнатиш даражаси юқори — уларнинг 62 фоизи босимлар туфайли Max’дан фойдаланишга мажбур бўлган.
Бирор бир мактабда мессенжерни 30 фоиздан ортиқ ўқувчи ва 50 фоиз ота-она ўрнатмаган. Вазирлик бу кўрсаткичларни «етарли эмас» деб баҳолади. Аниқланишича, Max’ни жорий этиш энг қийин кечаётган муассасалар — Ягона давлат имтиҳонлари натижалари бўйича юқори рейтингдаги лицей ва гимназиялар ҳисобланади. Жумладан, №1543 гимназия ва «Интеллектуал» мактабида ўрнатиш даражаси жуда паст бўлган.
Москвадаги мактаб ва ота-оналар чатлари 1 сентябрдан Max’га ўтказилмоқда. Шаҳар мэри ўринбосари Анастасия Ракова мессенжерни фаол тарғиб қилмоқда. Ҳолбуки маориф вазири Сергей Кравцов «ҳеч кимни мажбурламаймиз» деган эди. Аммо мактабларга 30 декабргача ходимларнинг 75 фоизи ва ота-оналар ҳамда ўқувчиларнинг 30 фоизи Max’да ҳар ҳафталик фаол бўлиши ҳақида кўрсатма туширилган.
Ўқитувчилар Max орқали ҳар куни хизмат хабарларини юборишга мажбур қилинган. Айрим ўқув юртларида эса Max’ни ўрнатмаган талабалар имтиҳонларга қўйилмаслиги ёки ўқишдан ҳайдалиши билан қўрқитилмоқда.
Махсус миллий мессенжер яратиш буйруғини президент Владимир Путин берган эди. Аммо IT-экспертлар Max’ни фойдаланувчининг ҳар бир ҳаракатини қайд этувчи «тажовузкор жосуслик дастури» деб баҳолашмоқда.
1 сентябрдан бошлаб Max барча янги электрон қурилмаларга мажбурий равишда ўрнатилмоқда. Электрон рақамли имзо олиш учун ҳам Max’да рўйхатдан ўтиш шарт қилиб қўйилган.
ExtremeScan сўровномасига кўра, россияликларнинг 47 фоизи Max’ни ўрнатишдан қочишга ҳаракат қилади, фақат 34 фоиз фойдаланишга тайёрлигини билдирган. Кўпчилик давлат кузатувидан хавфсираб, алоҳида телефонда ёки шахсий маълумот йиғиш функцияси ўчирилган версия орқали фойдаланмоқда.
Дастурни VK компаниясининг президенти, президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари ўғли Владимир Кириенко бошчилигидаги тузилма ишлаб чиқмоқда.





