add

Муҳокамалар марказидаги «Электрон рецепт»: тизим ўзи қандай ишлайди?

Кеча 16:296486 дақиқа

10 декабрдан айрим ҳудудларда электрон рецепт жорий этилди, аммо дориларни одатдагидек харид қила олмаётган аҳоли норозилиги тизимга қизиқишни янада оширди.

Муҳокамалар марказидаги «Электрон рецепт»: тизим ўзи қандай ишлайди?

10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг 15 та туман/шаҳарларида дорихоналарда рецепт бўйича дори воситаларини фақат электрон рецептлар бўйича сотиш тизими йўлга қўйилди. Бу тизим жорий этилиши Вазирлар Маҳкамасининг 8 сентябрда чиқарилган ва 12 декабрдан кучга кирадиган қарорида белгилаб қўйилган. 2026 йил охиригача янги тизимни мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этиш кўзда тутилган.

Тизим ишга тушган ҳудудларда дорихоналардан одатий дори воситаларини сотиб ололмаётган фуқаролар норози бўлишмоқда. Бу масала ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама бўляпти.

Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизимини жорий этиш бўйича доимий ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказиб, электрон рецептлар бўйича мурожаатларни кўриб чиқаётганлигини маълум қилди. Шунингдек, вазирлик яқин вақт ичида фуқароларнинг энг муҳим саволларига дастлабки жавобларни эълон қилишга ваъда берди.

 

Электрон рецепт ўзи нима?

Электрон рецепт — шифокор томонидан беморга белгиланган дори воситалари тўғрисидаги маълумотлар рақамли ахборот тизимига киритилиши ва дорихонага электрон тарзда узатилишига асосланган замонавий механизмдир. Бу тизим дори тайинлаш жараёнини стандартлаштириш, назоратни кучайтириш ва ноқонуний дори айланмасининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Электрон рецепт қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

  • тиббиёт ташкилотининг номи;

  • тиббиёт ташкилоти лицензиясининг тартиб рақами, берилган санаси, амал қилиш муддати, СТИР рақами (нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун);

  • электрон рецепт рақами ва берилган сана;

  • беморнинг ЖШШИР, фамилияси, исми ва отасининг исми, тугилган санаси;

  • Халқаро касалликлар таснифи (ХКТ)га мувофиқ қўйилган ташхис;

  • дори воситасининг халқаро патентланмаган номи ёки оригинал номи, тайёрлаш, кунлик дозаси, қабул қилиш вақти (муддати), қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, даволаниш курси давомийлиги, дори воситасининг рақами (электрон рецепт рақамига боғланган ҳолда);

  • шифокорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда телефон рақами.

Шу маълумотлар автоматик равишда «Электрон рецепт» модулига юборилади ва тизимга уланган ҳар қандай дорихонада кўринади.

Электрон рецепт бўйича бериладиган дори воситалари рўйхати билан мана бу манзилда танишишингиз мумкин.

 

Қачон электрон рецепт ёзилмайди?

Шифокор қуйидаги ҳолларда электрон рецепт расмийлаштиришга ҳақли эмас:

  • беморнинг амалдаги ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ва клиник протоколларга мувофиқ тиббий кўрсатмаси бўлмаган ҳолатларда;

  • Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори воситаларига (орфан дори воситалари, давлат рўйхатидан ўтказмасдан, мажбурий сертификатлаш шарти билан тиббиёт амалиётида қўллаш ва олиб киришга рухсат бериладиган, Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилган аналоглари мавжуд бўлмаган дори воситалари бундан мустасно);

  • наркоз воситаси сифатида ишлатиладиган дори воситаларига.

 

Тизим қандай ишлайди?

Электрон рецепт жараёнининг асоси тиббиёт муассасалари ва дорихоналарнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот тизимига уланишидан бошланади. Кейин шифокорлар ҳар бир бемор ҳақидаги маълумотларни тиббий ахборот тизимига киритади ва тизим бу маълумотларни автоматик равишда «Электрон тиббий карта» модулида акс эттиради. Шу жумладан, QR-код ва электрон имзо билан тасдиқланган ёзма рецептлар ҳам ягона электрон базага тушади.

Стационарда даволанган беморлар учун касаллик тарихи ва унда тавсия қилинган дори воситалари асосида шифокор белгиланган муддатга электрон рецепт расмийлаштиради. Агар бемор истаса, шифокор электрон рецептни чоп этиб, қоғоз шаклида ҳам тақдим қилиши мумкин.

Электрон рецепт жараёни амалда қуйидаги босқичларда амалга ошади:

Биринчи босқич: Бемор шифокор қабулига келади ва унга клиник протокол ҳамда тиббий стандартларга мувофиқ ташхис қўйилади. Даволаш бўйича зарур тавсиялар тайинланади.

Иккинчи босқич: Шифокор бемор ҳақидаги барча маълумотларни тиббий ахборот тизимига киритади. Уй шароитида кўрик ўтказилганда ҳам маълумотлар мобил илова орқали расмийлаштирилиши мумкин. Шу маълумотлар асосида электрон рецепт тайёрланади ва автоматик тарзда «Электрон рецепт» модулига юборилади. Шу тартиб стационар беморлар учун ҳам амал қилади.

Учинчи босқич: Бемор ёки унинг қонуний вакили рецепт амал қилиш муддати ичида дорихонага мурожаат қилади ва зарур идентификация маълумотларини тақдим этади.

Тўртинчи босқич: Фармацевт тизим орқали электрон рецептни текширади ва унда кўрсатилган дори воситаларини беради. Дори берилгани ҳақидаги маълумотлар дорихона ахборот тизими орқали электрон тарзда қайд этилади ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги базасига юборилади.

 

Дорихоналарда дориларни бериш тартиби қандай?

Бемор ёки унинг қонуний вакили дори олиш учун шифокор ёзган электрон рецепт билан исталган интеграция қилинган дорихонага боради. Фармацевт тизим орқали рецептни кўриб, дори воситасини беради. Дори берилганда фармацевт электрон имзо билан операцияни тасдиқлайди ва маълумотлар беморнинг электрон тиббий картасига тушади.

Дори учун тўлов бемор томонидан амалга оширилади. Фақат реимбурсация (Беморга шифокор томонидан ёзилган электрон рецепт асосида кафолатланган пакетга киритилган бепул дори-дармонларни олиш имконини берувчи тизим) дастурига кирган дори воситалари истисно бўлади.

Реимбурсация тизимида беморларга дори-дармонлар Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан шартнома тузган дорихоналар томонидан берилади.

 

Бу тизим нима учун керак?

Электрон рецепт тизими жорий этилиши ортидаги асосий мақсадлардан бири — тиббий хизматларда шаффофликни таъминлаш ва дори айланмасидаги муаммоларни бартараф этишдир. Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров таъкидлаганидек, янги механизм шифокорлар томонидан кераксиз даражада кўп дори тайинланишининг олдини олишга, дори танловини клиник стандартлар доирасида чеклашга хизмат қилади.

Унга кўра, полипрагмазия ҳолатлари — бир беморга бир вақтда бир нечта кераксиз дори воситаларини тавсия қилиш аҳоли учун жиддий хавф туғдиради. Электрон платформадан фойдаланилганда эса ҳар бир ташхис учун қайси дори стандарт ҳисобланиши аниқ кўрсатилади. Шу билан, ортиқча дори тайинлаган шифокор ҳам, уни берган дорихона ходими ҳам назоратдан четда қолмайди.

Тизимнинг яна бир муҳим вазифаси — қонуний айланишда бўлмаган, контрабанда йўли билан олиб келинган дори воситаларининг сотилишига чек қўйиш. Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган дорилар ягона маълумотлар базасида жамлангани боис, электрон рецепт орқали бериладиган ҳар бир дори рақамли тарзда текширилади ва ноқонуний маҳсулотларнинг бозорга чиқиши аниқланади.

Масалани давлат даражасида кўтарилгани ҳам бежиз эмас. Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 5 февралдаги йиғилишда соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш зарурлигини айтиб, кафолатланган тиббий пакетга кирган дориларни айнан электрон рецепт орқали беришни йўлга қўйишни топширган. Ш.Мирзиёев онкологик ва қатор йўналишлардаги беморларга дори воситалари ўз вақтида етказилмаслигига сабаб бўлаётган сохта схемаларни кескин танқид қилган. Давлат раҳбари дориларнинг яширин айланмасига қарши курашда ҳам етарлича чора кўрилмаётганини таъкидлаган.

Шу жараёнлар фонида 2024 йил июлида Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров Тошкент шаҳрида йил охиригача электрон рецепт тизимини жорий этиш режаларини очиқлаган, 2025 йил январидан эса Қибрай туманида ушбу тизим амалиётда синовдан ўтказила бошланган.

 

Нега аҳоли норози?

Янги тартиб айрим ҳудудларда кутилмаган қийинчиликлар туғдирди. Тизимга тўлиқ уланмаган дорихоналар, одамларнинг одатий дориларни рецептсиз олишга ўрганиб қолганлиги, шифокорларнинг электрон рецепт ёзишдаги техник муаммолари ва айрим аҳолининг янгича тартибга мослашмагани норозиликларга сабаб бўлди.

Биз гаплашган айрим мутахассисларнинг фикрича, тизим ўта шошилинч ва узоқни ўйламасдан қабул қилинган. Жумладан, баъзи дори воситалари рецепт билан сотилиши кўзда тутилган бўлса, худди шу дори воситасининг бошқа бир аналоги рўйхатда йўқ. Бундай шароитда дори-дармон савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар «гуллаб-яшнайди».

Беморлар энди оддий шамоллашга йўлиқса ҳам доктор қабулига боришга, қабул учун ҳам, дори учун ҳам пул тўлашга мажбур бўлади.

Қолаверса, Қозоғистонда шундай тизим аввалроқ жорий этилгани учун ҳам қозоғистонлик минглаб беморлар юртимизга даволанишга келгани, электрон рецепт тизими Қозоғистонда тиббиёт сифатини кескин тушириб юборганини маълум қилишди.

Дори-дармонларни бу тарзда реализация қилиш халқ табобатининг ривожланишига хизмат қилади, содда одамларнинг малакали врачларга эмас, шарлатан табибларга мурожаат қилишини кучайтиради.

Ҳайтовур, Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса бу масалаларни ўрганиш учун доимий ишчи гуруҳ тузгани ва аҳоли ёзиб қолдирган мурожаатлар юзасидан жавоблар тайёрланаётганини маълум қилган.

Теглар

Рухсора Жовлиева

Рухсора ЖовлиеваМақолалар сони: 127

Барчаси

Мавзуга оид