Logo

My Bank’да муаммоли кредитлар улуши бир ойда 2,7 фоиздан 50,8 фоизга ошди

Бугун 16:353 дақиқа

Банкдаги NPL ҳажми бир ойда 285,5 млрд сўмга кўпайди. Натижада муаммоли кредитларнинг жами портфелдаги улуши 50,8 фоизга чиқди. Эътиборлиси, банкда бу кўрсаткич бунгача кетма-кет пасайиб келаётган эди.

My Bank’да муаммоли кредитлар улуши бир ойда 2,7 фоиздан 50,8 фоизга ошди © Yandex maps

2026-йил апрель ойида Ўзбекистон банк тизимидаги муаммоли кредитлар ҳажми 2 трлн сўмдан кўпроқ ошиб, 21,9 трлн сўмга етди.

Ой давомидаги энг кескин ўзгариш My Bank номи остида фаолият юритаётган Madad Invest Bankда кузатилди.

Банк тизимида NPL кредит портфелидан тезроқ ўсди

1-апрелдан 1-майгача мамлакатдаги банкларнинг жами кредит портфели 623,3 трлн сўмдан 629 трлн сўмга ёки 0,9 фоизга ошди.

Муаммоли кредитлар ҳажми эса шу даврда 19,86 трлн сўмдан 21,92 трлн сўмга етиб, 10,4 фоизга кўпайди. Натижада NPLнинг жами кредитлардаги улуши 3,2 фоиздан 3,5 фоизга кўтарилди.

Бир ой ичида муаммоли кредитлар энг кўп қуйидаги банкларда ошган:

  • «Ўзмиллийбанк» — 484,8 млрд сўмга;

  • «Капиталбанк» — 439,2 млрд сўмга;

  • «Агробанк» — 351,2 млрд сўмга;

  • My Bank — 285,5 млрд сўмга;

  • Orient Finance Bank — 181,8 млрд сўмга.

Айрим банкларда эса муаммоли кредитлар камайган. «Ўзсаноатқурилишбанк»да NPL 79,1 млрд сўмга, «Пойтахт банк»да 34,6 млрд сўмга, «Туронбанк»да 25,8 млрд сўмга, Garant bank’да 24,7 млрд сўмга ва «Асакабанк»да қарийб 17 млрд сўмга қисқарган.

My Bank’да ҳар икки сўмлик кредитнинг бир сўми муаммоли

1-апрел ҳолатига Madad Invest Bank’нинг кредит портфели 399 млрд сўмни, муаммоли кредитлари эса 11 млрд сўмни ташкил этган. NPL улуши 2,7 фоиз даражасида эди.

Бир ой ўтиб банкнинг кредит портфели 584 млрд сўмга етган. Шу билан бирга, муаммоли кредитлар ҳажми қарийб 27 баробар ошиб, 296 млрд сўмни ташкил қилган.

Натижада NPL улуши бир ой ичида 2,7 фоиздан 50,8 фоизгача, яъни 48,1 фоиз пунктга кўтарилган. Бу 1-май ҳолатига банк кредит портфелидаги ҳар икки сўмнинг бир сўмдан кўпроғи муаммоли кредит сифатида таснифланганини англатади.

Апрель ойида бутун банк тизимида қайд этилган NPL ўсишининг қарийб 14 фоизи айнан My Bank ҳиссасига тўғри келган.

Бунгача портфель сифати яхшиланиб келаётганди

Банкнинг муаммоли кредитлар кўрсаткичи аввалги даврларда ҳам юқори ва ўзгарувчан бўлган.

2025-йил бошида Madad Invest Bank’нинг 307 млрд сўмлик кредит портфелидан 74 млрд сўми ёки 24,1 фоизи муаммоли кредитлар ҳиссасига тўғри келган.

Кейинги чоракларда бу кўрсаткич изчил пасайган:

  • 2025-йил 1-апрел — 9,7 фоиз;

  • 2025-йил 1-июл — 5,5 фоиз;

  • 2025-йил 1-октябрь — 0,3 фоиз;

  • 2026-йил 1-январь — 0,6 фоиз;

  • 2026-йил 1-апрел — 2,7 фоиз.

Шу сабабли апрель ойидаги 50,8 фоизлик кўрсаткич банк портфели сифатидаги оддий ёмонлашувдан кўра анча кескин ўзгариш ҳисобланади.

Банк 2025-йилни фойда билан якунлаган

2025-йилда My Bank’нинг соф фойдаси 8,9 млрд сўмни ташкил этди. Бу 2024-йилга нисбатан 27,2 фоизга ёки 1,9 млрд сўмга кўп.

Банкнинг йиллик фоизли даромадлари 88,1 млрд сўмга, фоизсиз даромадлари эса 31,7 млрд сўмга етган. Ходимларнинг иш ҳақи ва бошқа харажатлари учун 29,1 млрд сўм сарфланган, давлат бюджетига 3,2 млрд сўм солиқ тўланган.

Шу билан бирга, 2025-йилнинг дастлабки тўққиз ойида банк 11,1 млрд сўм соф фойда қайд этган эди. Йил якунидаги фойда 8,9 млрд сўм бўлганини ҳисобга олсак, тўртинчи чорак давомида банкнинг жами молиявий натижаси қарийб 2,2 млрд сўмга пасайган.

Активлар ошди, кредит портфели қисқарди

2026-йилнинг биринчи чорагида банк активлари 901,9 млрд сўмдан 1,02 трлн сўмга етиб, 13,5 фоизга ўсган.

Бироқ кредит портфели 427,1 млрд сўмдан 399,1 млрд сўмга ёки 6,5 фоизга қисқарган. Мижозларнинг талаб қилиб олингунча ва жамғарма депозитлари жами қарийб 215,8 млрд сўмдан 202,7 млрд сўмга камайган.

Айни пайтда бошқа банкларга тўланадиган маблағлар 123,3 млрд сўмдан 271,4 млрд сўмга, яъни 2,2 баробарга ошган. Бу биринчи чоракдаги активлар ўсишида банклараро жалб қилинган маблағларнинг роли сезиларли бўлганини кўрсатади.

Банк 2026-йилнинг дастлабки уч ойини 2,85 млрд сўм соф фойда билан якунлаган. Фоизли даромадлар 25,9 млрд сўмни, фоиз харажатлари эса 14,9 млрд сўмни ташкил этган.

Теглар

Мавзуга оид