add

Мянмага сотиб юборилган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди

Кеча 20:134422 дақиқа

Жануби-Шарқий Осиёда алданиб қолган Марказий Осиё фуқаролари дипломатик ҳамкорлик орқали озод этилди.

Мянмага сотиб юборилган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди

Мянма ҳудудида одам савдоси қурбонига айланган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди. Ушбу жараён Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон дипломатик идоралари ҳамда Мянма ва Таиланднинг ваколатли органлари ўртасидаги мувофиқлаштирилган ҳамкорлик натижасида амалга оширилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонасига бир гуруҳ ўзбекистонликлар мурожаат қилиб, Мянмада одам савдоси қурбонига айлангани ва ватанига қайтишда ёрдам сўраган. Улар интернет орқали юқори маошли иш таклифига ишониб, Таиландга йўл олган. Таклиф доирасида Ўзбекистондан бепул авиачипта ҳам тақдим этилган.

Бироқ Таиландга етиб келгач, ушбу шахслар алдов йўли билан Мянма ҳудудига ноқонуний равишда олиб ўтилган. У ерда улар одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар қўлига тушиб қолган ва фирибгарликка ихтисослашган call-марказларда ишлашга мажбурланган.

Қонунга хилоф ҳаракатларни бажаришдан бош тортган фуқаролар жисмоний зўравонлик, таҳдид ва босимларга дуч келгани қайд этилди. Шу каби ҳолатларда Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам одам савдосининг қурбони бўлгани аниқланган.

Қирғизистоннинг Таиландда дипломатик ваколатхонаси мавжуд эмаслигини инобатга олиб, ушбу давлат фуқароларини ҳам қайтариш жараёнида Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатлари амалий ёрдам кўрсатди. Музокаралар натижасида фуқаролар озод қилиниб, Таиланднинг Маесот чегара пунктида дипломатларга топширилди.

Озод этилган шахсларга вақтинчалик турар жой ва озиқ-овқат билан таъминлаш чоралари кўрилди. 2025 йил 9 декабр куни эса Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари дипломатик ваколатхоналар кўмагида ўз юртларига хавфсиз тарзда қайтарилди.

Теглар

Мавзуга оид