Logo

Наманган аэропортида 2026 йил якунига қадар янги йўловчи терминали ишга туширилади

Бугун 12:252 дақиқа

Майдони 22,6 минг квадрат метр бўлган уч қаватли терминал бир вақтнинг ўзида соатига 1,2 минг нафар, йилига эса 3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсата олади. Лойиҳа қиймати 175 миллион долларни ташкил этади.

Наманган аэропортида 2026 йил якунига қадар янги йўловчи терминали ишга туширилади © prezident.uz

23-июн куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташриф буюриб, Наманган халқаро аэропортида барпо этилаётган янги йўловчи терминали қурилишини кўздан кечирди.

Мамлакатда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Наманган халқаро аэропортини кенгайтириш лойиҳаси ҳам ана шу ислоҳотларнинг муҳим қисми ҳисобланади.

Мазкур қурилиш ишлари давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 мартдаги “Республика аэропортларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда.

Наманган халқаро аэропорти 1971 йилда фойдаланишга топширилган. 2013 йилдан халқаро мақомда фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда аэропорт орқали 9 та авиакомпания мунтазам парвозларни амалга оширяпти.

Лойиҳага жами 175 миллион доллар инвестиция жалб қилинган. Режага кўра, 2026 йил якунига қадар замонавий талабларга жавоб берадиган янги йўловчи терминали ишга туширилади. Майдони 22,6 минг квадрат метр бўлган уч қаватли терминал соатига 1,2 минг нафар ва йилига 3 миллион нафардан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бу эса аэропортнинг ҳозирги қувватини бир неча баробар оширади.

Янги терминалда чегара ва божхона назорати пунктлари, виза хизматлари, бизнес-зал, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари, тиббиёт пункти ҳамда Duty Free ҳудуди ташкил этилади. Натижада 550 та янги иш ўрни яратилади.

2027 йил якунига қадар кунлик қуввати 50 тонна бўлган карго терминали фойдаланишга топширилади. Фарғона водийси учун ягона замонавий карго тизими шакллантирилиб, маҳсулотларни дунёнинг 90 мамлакатига экспорт қилиш имконияти кенгаяди.

Давлат раҳбари қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиб, аэропорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича қатор кўрсатмалар берди.

Теглар

Мавзуга оид