
Наманганда 30 миллиард сўмлик қалбаки дори воситалари аниқланди
Айбланувчилар санитария талабларига жавоб бермайдиган жойда, номларини ўзгартирган ҳолда 9 турдаги контрафакт дори воситаларини тайёрлаб келган.

Наманган шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида қалбаки дори воситалари ишлаб чиқариш билан боғлиқ жиноий фаолият аниқланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Тезкор тадбир жараёнида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш учун лицензия олган маҳаллий МЧЖ раҳбари белгиланган тартиб-қоидаларни бузган ҳолда дори воситалари тайёрлагани маълум бўлди. У санитария талабларига жавоб бермайдиган бинода яширин цех ташкил этиб, у ерда контрафакт дори воситаларини ишлаб чиқариб келган.
Текширув натижасида 1,2 млрд сўмдан ортиқ қийматдаги 9 турдаги 138031 қути дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар, 1,8 млрд сўмлик прекурсорлар, 3,4 млрд сўмлик флакон, қопқоқ, қути ва этикеткалар, 18 млрд сўмлик 14 номдаги ишлаб чиқариш ускуналари, 5,6 млрд сўмлик 23 дона катта ва кичик ҳажмдаги махсус идишлар – яъни, умумий қиймати ўртача 30 млрд сўмни ташкил этувчи товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Маълум бўлишича, ишлаб чиқарувчи «Пиковит»ни «Пивовит», «Канефрон»ни «Канасерон», «Эспумизан»ни «Эспуметик», «Нистатин»ни «Неститам» номи билан қалбаки равишда ишлаб чиқарган. Бу дори воситалари Фарғона водийси, Тошкент ва бошқа вилоятларга тарқатилгани аниқланди.
Ҳозирда ушбу маҳсулотлар бўйича экспертиза тайинланган, терговга қадар суриштирув ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳам ноқонуний дори савдоси фош этилганлиги ҳақида хабар берган эдик.





