
Наманганда ҳоким ёрдамчилари ер савдосида қўлга олинди
Наманганда «Яшил макон» лойиҳаси ерларини ноқонуний сотишга уринган икки ҳоким ёрдамчиси ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тезкор амалиётида қўлга олинди.

Наманган шаҳридаги маҳаллалалардан бирида ҳоким ёрдамчисининг ер майдонини ноқонуний пул эвaзига расмийлаштирмоқчи бўлган ҳаракати фош этилди. ДХХ хабарига кўра, у «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ажратилган ернинг 8 сотих қисмини бир йилга «нотурар мақомда фойдаланиб туриш» тарзида бериш ва кейинчалик унинг тоифасини тураржойга ўзгартириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига фуқародан 6 000 АҚШ доллари талаб қилинган.
ДХХнинг Наманган вилояти бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тизимидаги тезкор тадбирда у пулни олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Янги Наманган туманида ҳам ўхшаш ҳолат кузатилган. Туман ҳокимининг тадбиркорлик ва аҳоли бандлиги бўйича ёрдамчиси давлат захирасида турган 12 сотих ер майдонини кадастрдаги танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилгани маълум бўлди. У фуқародан 16 000 доллар талаб қилиб, олдиндан 6 000 доллар олган вақтда қўлга олинди.
Тезкор тадбирлар доирасида икки ҳолатда ҳам пул маблағлари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди. Тергов органлари уларнинг қилмиши биринчи навбатда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва коррупция моддалари бўйича баҳоланмоқда.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





