
Наманганда контрабанда йўли билан олиб кирилган гиёҳванд моддалар фош этилди
Қирғизистон Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган қиймати 3,2 млрд сўмдан ортиқ бўлган, 24122 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 45 турдаги жами 61 287 дона контрафакт дорилари аниқланган.
Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Чегара қўшинлари, Ички ишлар ва Божхона бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлар давомида бир нечта қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди. (https://t.me/xavfsizlik_uz/1744)
Биринчи ҳолатда, Учқўрғон туманида яшовчи 1975 йилда туғилган шахс «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасининг Уйчи туманидаги Янгиер маҳалласи ҳудуди орқали Қирғизистондан ноқонуний тарзда Ўзбекистонга кириб келган пайтда қўлга олинган. Унинг сумкасидан 9 килограмм 702 грамм «гашиш» моддаси топилган.
Тергов натижасида ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисми ва 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Суд қарори билан унга «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Иккинчи ҳолатда, Наманган шаҳрида яшовчи 1990 йилда туғилган фуқаро Қирғизистондан айланма йўллар орқали Янгиқўрғон тумани ҳудудига контрабанда йўли билан киритилган, тахминий қиймати 3,2 миллиард сўмдан зиёд бўлган дори воситаларини қабул қилаётган вақтида тўхтатиб қолинган.
Унинг ёнидан 24122 дона «Регапен» ва 4880 дона «Тропикамид» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 45 турдаги жами 61287 дона контрафакт дори топилган.
Тадбирнинг давоми сифатида, ушбу дори воситаларини буюртма қилган шахслар ва курьерлар аниқланган. Наманган шаҳри ва Косонсой туманида яшовчи беш нафар фуқаро ушбу ноқонуний савдода иштирок этгани маълум бўлган. Улар дориларни Тошкент шаҳри ҳамда Фарғона водийси вилоятларида сотиш билан шуғулланган.
Ҳозирда барча шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда йил бошидан буён 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолингани ҳақида хабар берган эдик.





