Нақдсиз тўловларга ўтиш олдидан уйлар савдоси рекорд даражага чиқди

Бугун 13:283 дақиқа

1 апрелдан Ўзбекистонда уй-жойларни сотиш ва сотиб олиш жараёнлари нақдсиз шаклда ўтказилади. Янги тартиб кучга кириши олдидан мамлакатда рекорд даражада уйлар сотилмоқда.

Нақдсиз тўловларга ўтиш олдидан уйлар савдоси рекорд даражага чиқди

2026 йил феврал ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида фаоллик ошди: уй-жой олди-сотди битимлари йиллик ҳисобда 32,4 фоизга кўпайиб, 29,7 мингтани ташкил этди. Битимларнинг учдан бир қисми пойтахт ҳиссасига тўғри келди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.

Кўчмас мулк бозоридаги битимларнинг йиллик ўсиши бўйича энг юқори кўрсаткич Навоий вилоятида (53 фоиз) қайд этилди. Шунингдек, Сирдарё вилоятида 39 фоиз, Тошкент шаҳрида эса 49 фоизлик ўсиш кузатилди.

Ойлик динамикада эса Тошкент вилояти (25 фоиз), Навоий (22,6 фоиз) ва Сирдарё (13,4 фоиз) етакчи бўлди.

Февраль ойида Тошкент шаҳрида олди-сотди битимлари ҳажми 1,4 фоизга ошиб, тахминан 8,9 мингтани ташкил этди.

1

Декабр ойида ойлик уй-жой олди-сотди шартномалари сони 30 мингтадан ошиб, рекорд даражага етганди. Сўнгги икки йилга қарайдиган бўлсак, одатда январь-февраль ойларида уй савдоси нисбатан пастроқ бўларди. 

Бироқ, 2026 йил бошида уй-жой савдосида фаоллик сақланиб қолди. Сўнгги уч ойнинг барчасида аввалги даврларга нисбатан кўпроқ уй-жой олди-сотди битимлари рўйхатдан ўтказилди. 

Бозордаги бу фаоллик қисман 1 апрелдан Ўзбекистонда кўчмас мулк савдоларини нақдсиз шаклга ўтказилаётганлиги билан изоҳланади. 2025 йил 26 июн куни бўлиб ўтган Сенат йиғилишида Солиқ қўмитаси раиси Ўзбекистонда уй сотиш ва сотиб олиш жараёнларини нақдсиз шаклда амалга ошириш режалаштираётганлигини маълум қилган эди

2026 йил 16 март куни эса Президент фармонига асосан, Адлия вазирлиги Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Унга кўра, энди нотариуслар кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлашни тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар бўйича банклар томонидан тақдим этилган электрон маълумотлар асосида амалга оширади. Бу аҳоли орасида жараён узоқ давом этади, қўшимча маблағ ёки ҳужжат талаб қилиши мумкин, деган хавотирни уйғотмоқда. 

Шу сабабли кўпчилик янги қоидалар кучга киришдан олдин уй-жойини сотиш ёки сотиб олишни тезлаштираётган бўлиши мумкин.

Иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар

Республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари йиллик ҳисобда ўртача 9 фоизга ошган бўлса-да, февраль ойида ўсиш суръати бироз секинлашди.

Қизиқарли жиҳати шундаки, нархлар ўсиши бўйича Сурхондарё вилояти 22 фоизлик натижа билан рекорд ўрнатди. Шунингдек, Сирдарёда 19,3 фоиз, Жиззахда 16,3 фоиз ва Қорақалпоғистонда 15,9 фоизлик ўсиш қайд этилган. Бу кўрсаткичлар ҳудудларда уй-жойга бўлган талаб юқорилигини тасдиқлайди.

2

Пойтахтдаги вазият

Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой нархи йиллик ҳисобда 3,2 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш Миробод (7 фоиз), Яккасарой (5,6 фоиз), Шайхонтоҳур (5,4 фоиз) ва Чилонзор (5,3 фоиз) туманларида қайд этилди.

Янги уй-жойлар бозорида эса нархлар анча тез ўсиб, бир квадрат метр нархи 11,5 фоизга ошди. Айниқса, Миробод (18 фоиз), Мирзо Улуғбек (15,4 фоиз) ва Юнусобод (15,2 фоиз) туманларида юқори ўсиш кузатилди.

Умуман олганда, февраль ойи натижалари кўчмас мулк бозорида барқарор талаб сақланаётгани ва нархлар мўътадил ўсишда давом этаётганини кўрсатмоқда.

Теглар

Мавзуга оид