
«НАТОдагилар келсин, кўрсин» — Путин яна «Буревестник» ва «Посейдон» билан дағдаға қилди
Владимир Путин Кремлда «Буревестник» ва «Посейдон» ядровий қуролларини яратган муҳандисларни мукофотлаб, уларнинг стратегик аҳамиятини таъкидлади.

Россия президенти Владимир Путин Кремлда «Посейдон» сувости дрони ва «Буревестник» қанотли ракетаcини яратган муҳандис ва конструкторларни тақдирлади. Унинг таъкидлашича, бу икки лойиҳа мамлакат мудофаа салоҳияти учун тарихий аҳамиятга эга бўлиб, бутун XXI асрда стратегик устунликни таъминлайди.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия ҳеч кимга таҳдид солмаяпти, аммо ҳар бир қудратли давлат каби ўз ядровий салоҳиятини ривожлантиришда давом этмоқда. Россия президентининг таъкидлашича, «Буревестник» ва «Посейдон»нинг ядровий технологиялари нафақат ҳарбий соҳада, балки фойдали қазилмалар қидириш, Арктика шелфидаги ишлар ва қулай бўлмаган ҳудудлардаги тадқиқотларда ҳам қўлланилиши мумкин.
Россия раҳбари «Посейдон»нинг ҳаракат тезлиги барча замонавий денгиз кемаларидан бир неча баробар юқори эканини, у 1 километр чуқурликкача шўнғий олишини қайд этди. «Буревестник» эса парвоз масофаси бўйича дунёдаги барча ракета тизимларини ортда қолдирган. Путиннинг сўзича, уларнинг ядровий реакторлари фақат бир неча дақиқа ичида ишчи ҳолатига келади.
Президент 21 октябр куни бўлиб ўтган «Буревестник» синовлари чоғида НАТОга тегишли разведка кемаси учириш жойи яқинида бўлганини ҳам очиқ билдирди: «Биз уларнинг ишига аралашмадик — келсин, кўрсин», — деди Путин.
Шунингдек, у «Сармат» қитъалараро ракета тизими жорий йилда тажриба-қўриқлаш навбатчилигига, 2026 йилда эса доимий жанговар навбатчиликка киритилишини маълум қилди. Россия, шу билан бирга, «Орешник» ракета мажмуаси серияли ишлаб чиқаришини бошлаганини ва ядровий двигателли янги ҳипертовушли ракета авлодларини яратиш ишлари бошланганини эълон қилди.
Путиннинг таъкидлашича, келгуси ядровий двигателли ракеталарнинг тезлиги товуш тезлигидан уч баробар юқори бўлади ва улар фақат маҳаллий материаллардан ишлаб чиқарилади. Россиялик мутахассислар янги авлод қурол ва ҳарбий техникаларини яратиш устида амалдаги синов полигонларида иш олиб бормоқда.





