Logo

Нефт нархи Яқин Шарқдаги вазият фонида кескин ошди

«Brent» нефти нархи яна бир баррел учун 95 доллардан юқори савдоланмоқда.

Нефт нархи Яқин Шарқдаги вазият фонида кескин ошди © Shutterstock

Эроннинг Исроилга, Исроилнинг эса Ливандаги нишонларга қарши янги ҳужумлари Яқин Шарқда апрел ўрталаридан буён амал қилиб келаётган ўт очишни тўхтатиш режимига таҳдид солди. Бу ҳолат фондида нефт нархи кескин ошди, АҚШ акциялари фючерслари эса пасайди, деб ёзмоқда «MarketWatch» ва CNBC.

Хусусан, 8-июн куни савдолар бошланишида «Brent» нефтининг август ойи учун фючерслари олдинги ёпилиш нархига нисбатан 3,6 фоизга қимматлашиб, бир баррел учун 96,47 долларга етди. АҚШнинг WTI нефти фючерслари эса энг юқори нуқтада 3,7 фоизга ошиб, 93,9 долларгача кўтарилди.

Хабар тайёрланаётган вақтда нефт котировкалари ўсиш суръатини бироз секинлаштирди: «Brent» 2,64 фоизга қимматлашиб, 95,5 доллардан, WTI эса 2,4 фоизга ошиб, 92,7 доллардан савдо қилинмоқда. Шу билан бирга, АҚШ акциялари фючерслари пасайди. «S&P 500» индекси бўйича контрактлар 0,2 фоизга тушди (7-июн кечқурун АҚШ шарқий вақти билан улар 0,4 фоизгача пасайган эди). «Nasdaq» 100 фючерслари 0,14 фоизга арзонлашди (илгари пасайиш 0,6 фоизга етган), «Dow Jones» индекси фьючерслари ҳам 0,2 фоизга тушди.

Индекслар

CNBC маълумотларига кўра, ўтган ҳафта – 5-июн куни АҚШнинг асосий фонд индекслари кунлик минимумлар яқинида савдоларни якунлаган. «Nasdaq Composite» индекси эса 4 фоиздан ортиқ қулаган бўлиб, бу 2025-йил апрелидан бери кузатилган энг йирик бир кунлик пасайиш бўлди.

Яқин Шарқдаги вазият

Аввалроқ Исроил ҳарбийлари Эрон мамлакат ҳудуди томон бир нечта баллистик ракета учирганини маълум қилди. Бу 16-апрелда ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганидан бери кузатилган биринчи шундай ҳужум бўлди.

Ракета зарбалари Исроил армиясининг якшанба куни Ливан пойтахти Байрут атрофида Эрон қўллаб-қувватлайдиган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи позицияларига берган зарбасидан кейин амалга оширилди. Исроил ҳарбийлари бу ҳужумни «Ҳизбуллоҳ»нинг мамлакат шимолига қилган отишмаларига жавоб сифатида изоҳлади.
АҚШ президенти Доналд Трамп воқеалардан сўнг Эронни «музокаралар столига қайтиш ва келишувга эришиш»га чақирди.

Бундан ташқари, «Reuters» манбасига кўра, Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан телефон орқали мулоқот қилди. «Axios» мухбирининг маълум қилишича, АҚШ президенти Исроил раҳбарини Эронга қарши жавоб зарбаларидан воз кечишга кўндиришга ҳаракат қилган.

«Times of Israel» нашрининг ёзишича, Трамп Исроилнинг эҳтимолий жавоб ҳужумлари АҚШ ва Эрон ўртасида деярли якунланиш арафасида турган музокараларга путур етказишидан хавотир билдирган.

Теглар

Мавзуга оид