Нега Трампга Ҳўрмуз бўғози блокадасини бекор қилиш осон бўлмайди?

Кеча 08:555 дақиқа

Доналд Трамп дунё энергия ташувчиларининг тахминан 1/5 қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатновини қайта тиклашда иттифоқчилардан ёрдам сўради, бироқ у кенг коалиция тўплашга муваффақ бўлган тақдирда ҳам, Эрон блокадасига чек қўйиш ниҳоятда қийин бўлади.

Нега Трампга Ҳўрмуз бўғози блокадасини бекор қилиш осон бўлмайди?

28 февралдаги АҚШ ва Исроил зарбасига жавобан Эрон дронлар, ракеталар ва миналарни ишга солиб, ушбу стратегик муҳим сув йўлини ҳар куни бўғоз орқали жуда паст тезликда ҳаракатланадиган улкан нефт ва газ танкерлари учун хавфли қилиб қўйди, деб ёзмоқда «Reuters».

 

Нега Эрон бўғозни айнан ҳозир тўсиб қўйди?

Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйиш таҳдиди илгари ҳам бир неча бор янграган: 2011-йилда Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) қўмондони уни тўсиб қўйиш «бир финжон сув ичишдан ҳам осонроқ» бўлишини айтган эди.

Бўғозни ёпиш имконияти ҳақидаги Эрон махсус хизматларининг огоҳлантиришлари кейинчалик ҳам тўхтамади — хусусан, 2016 ва 2018-йилларда Эрон ядро дастури атрофидаги кескинлик кучайган даврларда, шунингдек, 2025-йил июн ойидаги Исроил ва Америка бомбардимонлари вақтида ҳам.

Таҳлилчилар Теҳрон рақиблари учун узоқ муддатли стратегик оқибатларни, шунингдек, унинг шахсий энергетика секторига бериладиган жавоб зарбаси таҳдидини инобатга олган ҳолда, бўғозни ёпишни доимо энг сўнгги чора деб ҳисоблар эдилар. 28-февралда олий раҳнамо ўлдирилиши билан бошланган Эрон билан уруш барча ҳисоб-китобларни чиппакка чиқарди. Эрон расмийлари ушбу можарони омон қолиш учун уруш деб таърифламоқдалар, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси эса стратегияни ишлаб чиқишда ташаббусни тобора фаолроқ ўз қўлига олмоқда.

 

Нималар гаровга тикилган?

Форс кўрфазини Уммон кўрфази билан боғлайдиган, Эрон ва Уммон ўртасидаги тор сув йўлаги Ироқ, Эрон, Қатар, Кувайт ва БАА каби нефт ва газ қазиб олувчи мамлакатлар учун очиқ денгизга чиқадиган ягона йўлдир.

Душанба куни нефт нархи қисқа муддатга 2022-йилги максимал даражаларга кўтарилди. БМТ маълумотларига кўра, нефт нархининг юқорилиги 2022-йилда содир бўлган воқеаларга ўхшаш яшаш қийматининг янги инқирозини келтириб чиқариши мумкин.

Узоқ давом этадиган можаро ўғитлар бозорида ҳам шок келтириб чиқариши мумкин, бу эса глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солади. «Kpler» маълумотларига кўра, дунёдаги ўғитларнинг тахминан 33 фоизи, жумладан олтингугурт ва аммиак шу бўғоз орқали ўтади.

1970-йилларда Яқин Шарқдаги нефт шокларидан кейин юз берган ҳолатга ўхшаш глобал иқтисодий инқироз хавфи ҳам уруш узоқ давом этган тақдирда кучайиши мумкин.

 

Нега кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлаш қийин?

Кема қатнайдиган йўлакларнинг кенглиги атиги икки денгиз милини ташкил этади ва кемалар айнан Эронга тегишли ороллар ва Эрон ҳарбийлари учун бошпана вазифасини ўтайдиган тоғли соҳил рўпарасида кескин бурилишни амалга оширади, деб хабар беради «SSY Global». Эроннинг мунтазам ҳарбий-денгиз флоти сезиларли даражада йўқ қилинган, бироқ ИИМК ҳамон кенг кўламли имкониятларга, жумладан тезюрар қайиқлар, тезюрар сувости кемалари, миналар ва ҳатто портловчи моддалар билан тўлдирилган гидроцикллар соҳиби бўлиб қолмоқда, дейди Британия ҲДҚнинг истеъфодаги офицери Том Шарп.

«Centre for Information Resilience» маълумотларига кўра, Теҳрон ойига тахминан 10 мингта пилотсиз парвоз қурилмалари ишлаб чиқариш қувватига эга.

Ҳаводан ҳимояни таъминлайдиган етти ёки саккизта эскадрон мина ташувчи кемалардан фойдаланган ҳолда кунига уч-тўртта кемани бўғоз орқали ўтказиш қисқа муддатли истиқболда амалга оширилиши мумкин бўлган иш бўлиб, бу кичик тезюрар сувости кемалари томонидан келаётган таҳдид пасайтирилганлигига боғлиқ бўлар эди, аммо ушбу вазифани ойлар давомида барқарор бажариш учун кўпроқ ресурслар талаб қилинади, деди Шарп.

Ҳаттоки Эрон Ислом Республикаси баллистик ракеталар, дронлар ва сузувчи миналарни қўллаш қобилиятини йўқотган тақдирда ҳам, кемаларга ҳали ўзини портлатувчи сув дронлар таҳдид солади, дейди Европа Яқин Шарқ ва Шимолий Африка тадқиқотлари институти директори Одел Бакаван.

Агар уруш бир неча ҳафта давомида давом этса, кузатиб боришнинг қандайдир шакли ташкил этилади, деди Қироллик мудофаа тадқиқотлари бирлашган институтидаги «RUSI» журнали муҳаррири Кевин Роулендс.

«Дунёга Форс кўрфазидан нефт етказиб берилиши керак, шунинг учун ҳозирда ҳимоя чораларини режалаштириш ишлари олиб борилмоқда», — деди у.

 

Трампнинг истаги ва иттифоқчилар чоралари

Трамп якшанба куни бир қатор мамлакатлардан Форс кўрфазига ўз ҳарбий кемаларини юборишни кутаётганини ва талаб қилишини айтди. Бир ҳафта олдин у АҚШнинг Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорациясига кема қатнови компанияларини суғурта ва кафолатлар билан таъминлашни топширган эди.

Буюк Британия Бош вазири Кийр Стармер Трамп билан бўғозни очиш зарурлигини муҳокама қилди ва бундан олдин Лондон иттифоқчилар билан биргаликда ҳаракатларнинг турли вариантларини кўриб чиқаётганини таъкидлади. Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари душанба куни Қизил денгиздаги кема қатновини яманлик ҳусийчилардан ҳимоя қилишга қаратилган кичик ҳарбий-денгиз миссиясини кучайтиришни муҳокама қилмоқдалар, бироқ унинг операцияларини Ҳурмуз бўғозигача кенгайтириш, афтидан, кун тартибида эмас.

Трамп ўз талабини илгари суришидан олдин ҳам Франция президенти Эммануэл Макрон Европа ва Осиёнинг бир нечта давлатлари ҳимояни таъминлаш бўйича қўшма миссия ташкил этишни режалаштираётганини айтган эди — лекин фақат можаро тугаганидан кейин.

Берлин Қизил денгиздаги миссиянинг кучайтирилишига ҳам шубҳа билан қарамоқда, чунки унинг самараси кам деб ҳисоблайди.

Япония ва Австралия душанба куни кемаларни бўғоз орқали кузатиб бориш учун ҳарбий кемалар юборишни режалаштирмаётганликларини маълум қилдилар.

 

Бошқа стратегик нуқталарда вазият қандай?

Яманлик ҳусийчилар АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳарбий-денгиз кучларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, икки йилдан кўпроқ вақт давомида Қизил денгиздаги кема қатновининг катта қисмини тўсиб қўйдилар.

Кема қатнови компанияларининг аксарияти ҳамон Африканинг жанубий чеккаси орқали ўтадиган сезиларли даражада узунроқ йўналишдан фойдаланмоқда. Даниянинг «Maersk» компанияси январ ойидан бошлаб Сувайш канали орқали ўтадиган йўналишга босқичма-босқич қайтишни бошлашини маълум қилди.

ЕИ раҳбарлигидаги кучлар Сомали қирғоқлари яқинида қароқчиликка қарши курашда каттароқ муваффақиятга эришдилар. Бироқ шуни ҳисобга олиш керакки, уларга қуролланиш жиҳатидан Ислом инқилоби муҳофизлари корпусидан анча заиф бўлган тузилмалар қаршилик кўрсатган эди.

 

Бўғозни айланиб ўтувчи бошқа йўллар борми?

БАА ва Саудия Арабистони янги нефт қувурлари қуриш орқали бўғозни айланиб ўтиш йўлларини топишга ҳаракат қилмоқдалар.

Шунга қарамай, бугунги кунга келиб улар ҳали фойдаланишга топширилмаган, ҳусийчиларнинг 2019-йилда Саудиянинг шарқ-ғарб нефт қувурига қилган ҳужуми эса муқобил йўналишлар ҳам заиф эканлигини кўрсатди.

Теглар

Мавзуга оид