Немис халқи 35 йилда ичида илк бор уруш хавфи ҳақида огоҳлантирилди

22.10.2025 | 08:452 дақиқа

Германияда фуқароларга уруш ва гибрид таҳдидлар хавфи ҳақида расмий огоҳлантириш берилди. Ҳукумат 3–10 кунлик озиқ-овқат захирасини тайёрлаб қўйишни тавсия қилди.

Немис халқи 35 йилда ичида  илк бор уруш хавфи ҳақида огоҳлантирилди

Германия Федерал фуқароларни ҳимоя қилиш ва офатларга ёрдам кўрсатиш бошқармаси (BBK) 35 йилдан кейин илк бор уруш эҳтимоли ҳақида фуқароларни огоҳлантирди. Ташкилот «Кризис ва офатларга тайёргарлик» номли янги қўлланмани чоп этди, унда фуқароларга киберҳужумлар, дезинформация ва саботаж каби таҳдидларга тайёр бўлиш тавсия этилган.

BBK раҳбари Ралф Тислернинг таъкидлашича, Германия ҳали ҳам хавфсиз мамлакат ҳисобланса-да, ўзгарувчан геосиёсий вазият янги хавфларни келтириб чиқарган. «Олдиндан тайёргарлик кўриш ҳар доим устунлик беради», — деди у.

Қўлланмада портлаш, саботаж ёки шаҳар марказларига ҳужум ҳолатларида фуқароларнинг қандай ҳаракат қилиши кераклиги батафсил ёритилган. Шунингдек, дезинформациядан ҳимояланиш усуллари ва фавқулодда вазиятларда руҳий барқарорликни сақлаш бўйича тавсиялар ҳам берилган.

Ҳужжатда уруш эҳтимоли «бугунги кунда аввалгидек узоқ бўлмаган хавф» сифатида таърифланган. Шу сабабли, аҳолига 3 дан 10 кунга етадиган озиқ-овқат захирасини тайёрлаб қўйиш тавсия этилган.

Германияда илгари, 1990 йилда чиқарилган қўлланмаларда ҳарбий таҳдидлар тилга олинмаган эди. Янги нашрда эса илк бор сиберҳужумлар, дезинформация, саботаж ва уруш хавфи каби «ҳибрид таҳдидлар» очиқчасига муҳокама қилинган.

Euronews хабарига кўра, Тислер фуқароларнинг хавотирини тушунишини айтган ва ҳукуматнинг вазифаси — уларни ишончли ахборот билан таъминлаш эканини таъкидлаган. Германия Федерал разведка хизмати раҳбари Мартин Йегер эса уруш эҳтимоли «кўпчилик ўйлаганидек узоқ эмас»лигини билдирган.

Теглар

Мавзуга оид