add

Nestle болалар озуқаси таркибида хавфли токсин аниқланди

06.01.2026 | 19:582 дақиқа

Nestle компанияси заҳарланиш хавфи сабабли айрим болалар озуқаларини бутун дунё бўйлаб қайтариб олмоқда.

Nestle болалар озуқаси таркибида хавфли токсин аниқланди

Nestle компанияси овқатдан заҳарланишга олиб келиши мумкин бўлган токсин (заҳарли модда) топилгани ҳақидаги хавотирлар туфайли, баъзи болалар озуқаларини сотувдан қайтариб олишни бошлади.

Озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқарувчи йирик корпорация SMA чақалоқлар бўтқаси ва қўшимча озуқаларининг муайян туркумлари истеъмол учун хавфли эканини маълум қилди.

Мазкур маҳсулотлар бутун дунё бўйлаб сотилган бўлиб, уларнинг таркибида кўнгил айниши ҳамда қайт қилишни келтириб чиқарувчи цереулид (cereulide) моддаси бўлиши мумкин. Ҳозиргача ушбу ҳолат билан боғлиқ расмий касалланиш шикоятлари келиб тушмаган бўлса-да, компания «эҳтиёт чораси сифатида» уларни йиғиштириб олмоқда.

«Гўдаклар хавфсизлиги ва соғлиғи бизнинг олий мақсадимиздир. Ота-оналар ва мижозларга етказилган ноқулайлик ҳамда хавотир учун чин дилдан узр сўраймиз», - дейилади Nestle баёнотида.

Қайси маҳсулотлар хавф остида?

Компания BBC нашрига ушбу жараён глобал миқёсда эканини тасдиқлади. Заҳарланиш эҳтимоли бўлган партиялар Европанинг бир қанча давлатларида, жумладан Франция, Германия, Австрия, Дания, Италия ва Швецияда сотувга чиқарилган.

Ҳудудлар кесимидаги брендлар:

• Францияда: Guigoz ва Nidal маркаларининг айрим туркумлари.

• Германияда: Beba ва Alfamino маҳсулотлари.

• Буюк Британияда: SMA бренди остидаги маълум серия рақамли озуқалар.

Шу билан бирга, компания бошқа барча маҳсулотлар ва рўйхатга киритилмаган туркумлар хавфсиз эканини билдирди. Муаммога хомашё етказиб берувчилардан бири тақдим этган таркибий қисм сабаб бўлгани айтилмоқда.

Цереулид токсини ва унинг хавфи

Цереулид — бу Bacillus cereus бактерияси томонидан ишлаб чиқариладиган заҳарли моддадир. У овқатдан заҳарланиш аломатларини келтириб чиқаради. Касаллик белгилари тез ривожланиб, қорин соҳасидаги санчиқ ва кучли қайт қилиш билан кечади.

Буюк Британия Озиқ-овқат стандартлари агентлиги (FSA) огоҳлантиришича, мазкур токсин термик ишлов берилганда, сув қайнатилганда ёки болалар сути тайёрланаётганда ҳам парчаланмайди.

Ота-оналарга тавсиялар

Агентлик масъули Жейн Ролинг ота-оналарни ушбу маҳсулотлардан фойдаланмасликка чақирди. Агар бола хавфли партиядаги озуқани истеъмол қилган бўлса ва соғлиғида ўзгариш сезилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Мижозлар маҳсулотнинг хавфли эканини текшириш учун идишнинг пастки қисмидаги серия рақамини (batch code) компания сайтидаги рўйхат билан солиштиришлари лозим. Nestle зарар кўрган мижозларга тўланган маблағни қайтариб беришни ўз зиммасига олди.

Мавзуга оид