
Николас Мадуро Куба ёки Россияга қочиши мумкин — Politico
Венесуэла президенти Николас Мадуро режимининг ағдарилиши эҳтимоли ортиб борар экан, АҚШ унинг ва яқин тарафдорларининг тақдири бўйича бир нечта вариантни муҳокама қилмоқда.

Politico нашри маълумотларга кўра, Мадуронинг эҳтимолий истеъфога юборилиши учун Туркия, Россия ва Куба каби бир нечта мамлакатлар муқобил манзил сифатида кўриб чиқилмоқда. Манбалардa таъкидланишича, Доналд Трамп маъмурияти ёрдамчилари орасидаги ғоялардан бири — Мадуро ва унинг атрофидагилар учун хавфсиз чиқиб кетиш имконини яратиш.
Шу билан бирга, бошқа бир гуруҳ амалдагилар Мадурони АҚШда суд қилиш учун қўлга олиш вариантини ҳам таклиф қилмоқда. Яна бир қисм манбалар эса наркокартеллар билан кураш баҳонасида АҚШнинг ҳарбий босими Венесуэлада беқарорликка сабаб бўлиб, Мадуро ҳокимиятдан кетишига олиб келиши мумкинлигини билдирмоқда.
Politico нашрининг ёзишича, муҳокамаларда яна бир ғоя — хусусий хавфсизлик компанияларидан фойдаланиш. Улар Мадуродан кейинги муваққат раҳбариятни дастлабки ҳимоя билан таъминлаш учун жалб этилиши мумкин.
Агентликка кўра, АҚШнинг бир нечта идоралари — Давлат департаменти, Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Пентагон ва бошқалар мазкур масала бўйича фаол мулоҳаза юритмоқда. Баъзи расмийлар собиқ америкалик амалдорлар ва мустақил таҳлилчилар билан ҳам маслаҳатлашмоқда.
Нашрнинг яна бир манбасига кўра, Вашингтон нафақат Венесуэла мухолифати, балки мамлакат ичидаги бошқа таъсирли шахслар билан ҳам алоқаларни сақлаб турибди.





