«НКМК» 2025 йилда рекорд даражада — 3,5 млрд доллар фойда олди
Олтин нархининг кескин ошиши фонида «НКМК» рекорд даражада фойда қилди. 2025 йилда компания соф фойдаси 64 фоизга ўсиб, 3,5 млрд долларни ташкил қилди.

Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчи компания — «Навоий КМК» 2025-йил учун тўлиқ молиявий ҳисоботини эълон қилди.
2025-йил давомида компания даромади 46,5 фоизга ўсиб, 10,8 млрд долларни ташкил қилди. Соф фойда эса қарийб 64 фоизга ўсди ва 3,5 млрд доллардан ошди.

«НКМК»нинг солиқ тўлангунга қадар фойдаси янада кўпроқ — 71,1 фоизга кўпайиб, 6,1 млрд долларга етди.
Комбинатнинг ягона акциядори давлат бўлиб, 2025-йил якунига кўра давлат бюджетига тўланган дивидендлар 3,2 млрд долларга етди. Бу кўрсаткич 2024-йилдаги 1,73 млрд доллар билан солиштирганда 85 фоизга кўпроқ дегани.
1 январ ҳолатига кўра, компаниянинг умумий қарзи 2,46 млрд долларни, капитали эса 5,4 млрд долларни ташкил этди.
Нега фойда бу қадар кўп бўлди?
Компаниянинг асосий мижози Ўзбекистон Марказий банки бўлиб, 2025-йилда унга 9,99 млрд долларлик олтин сотуви амалга оширилган. 2024-йилда бу кўрсаткич 7,3 млрд доллар эди. Марказий банк учун 2025-йилдаги олтин сотуви рекорд даражада бўлди.
2025-йилда олтин нархининг кескин ошиши компаниянинг молиявий кўрсаткичларини кескин яхшилади. Йил давомида олтин нархи 70 фоиздан кўпроққа ошиб, унсияда 2 650 доллар атрофидаги кўрсаткичдан 4 500 долларгача кўтарилганди.
2026-йил бошида ҳам олтин кескин қимматлаб, 5 600 доллардан ҳам ошиб кетди. Айни пайтда нарх тўғирланиши юз бериб, қимматбаҳо металл яна 4 500 доллар атрофида бўлиб турибди.

Олтин нархлари 2025 йилдагидек кескин ўсмаган йилларда компания фойдаси у қадар кўп бўлмаган. Масалан, 2022 йилда фойда кўрсаткичи пасайиб, 1 млрд долларга тушиб қолганди.
IPO яқин
Жорий йилда Миллий инвестиция жамғармасининг IPO’си бўлиб ўтиши кутилмоқда. IPO бу акцияларни биринчи марта оммавий чиқарилиши ҳисобланади.
Bloomberg хабар беришича, жамғарма IPOсини Тошкент ва Лондонда dual listing кўринишида икки томонлама амалга ошириш режа қилинган. Ҳозирда жамғарма таркибида 12 та давлат компанияси ва 1 та давлат банки бор.
«Ўзбекистон–2030» стратегиясида 2026-йилда 2 та IPO бўлиб ўтиши белгиланган. Иккинчи IPO айнан «НКМК» иштирокида бўлиши мумкин.
Bloomberg «НКМК» IPOси секинлашгани, Ўзбекистон ҳукумати IPO ортидан давлат бюджетига келиб тушувчи дивидендлар камайишидан хавотирда эканини ёзганди. Компания қарзлар билан бирга 20 млрд долларга баҳоланмоқчи.
НКМК — энг йирик солиқ тўловчи
Маълумот учун, «НКМК» 2025-йилда 54,6 трлн сўм солиқ тўлаган. Компания узоқ йиллардан бери Ўзбекистонда энг йирик солиқ тўловчи ҳисобланади.
2026-йилда ҳам «НКМК» давлат бюджетига энг кўп солиқ тўловчи компания бўлиши кутилмоқда. Бюджетнинг 20,2 фоизи айнан «НКМК» орқали таъминланиши кутилмоқда. Унга энг яқин «ОКМК»нинг улуши 5,2 фоизни ташкил қилади.
Аввалги йилларда «НКМК»нинг бюджет даромадларидаги улуши 20 фоиздан камроқ эди. Олтин нархининг юқори шаклланиши бўйича кутилмалар бюджет прогнозларини ҳам оширди.
Бироқ, айни пайтда олтин нархи рекорд кўрсаткичдан сезиларли паст даражада. Январ охирида 5 600 долларлик рекордга нисбатан ҳозирги олтин нархи 1 100 долларга камайиб, 4 500 доллар атрофида бўлиб турибди.
Олтин нархи йил давомида ҳозирги даражада сақланиб қоладиган бўлса, бу «НКМК» даромадларига ҳам, эҳтимолий IPOга ҳам таъсир қилиши мумкин.
Бундан ташқари, олтиннинг Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишга ҳам таъсири мавжуд. 2025-йилда қиммат олтин иқтисодиётни кутилганидан ҳам яхшироқ — 7,7 фоиз кўринишида ўсишига ёрдам берди.
Теглар






