NКМК IPO’си қолдирди — Bloomberg
Агентлик манбаларига кўра, ҳукумат стратегик актив ҳисобланган комбинатни биржага чиқариш масаласида эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда.
© Foto: gettyimagesЎзбекистоннинг энг йирик компанияларидан бири, йирик солиқ тўловчи — Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) IPO’си вақтинча тўхтатилди.
Bloomberg манбаларига кўра, ҳукумат дунёдаги энг йирик олтин ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган компанияни қачон биржага олиб чиқиш бўйича якуний қарорга келмаган.
НКМК акцияларини Лондон ва Тошкент фонд биржаларида жойлаштириш режалаштирилганди. Бироқ жараён ҳозирча «пауза»га қўйилган. IPO ишлари қачон қайта бошланиши номаълум.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилда имзолаган фармонда давлат улуши мавжуд йирик компанияларни босқичма-босқич хусусийлаштириш режалари белгиланган эди. Ушбу рўйхатда биринчи номлардан бири айнан НКМК бўлган.
Компания бугунги кунда стратегик актив ҳисобланади. Комбинат 2025 йилда 3,2 млн унсия олтин ишлаб чиқариб, дунёдаги тўртинчи йирик олтин ишлаб чиқарувчига айланган. Бу кўрсаткич бўйича ундан Канада ва АҚШдаги конлар олдинда.

Компаниянинг молиявий натижалари ҳам кескин ўсган. 2025 йил якунида НКМК даромади 46 фоизга ошиб, 10,8 млрд долларга етган. Солиқлардан олдинги фойда эса 71 фоиз ўсиб, 6,1 млрд доллар бўлган.
Шунингдек, соф фойда 2024 йилга нисбатан 64 фоизга ўсиб, 3,5 млрд долларни ташкил қилди.
Bloomberg’нинг аввалги хабарларига кўра, ҳукуматни хавотирга солаётган асосий масалалардан бири — IPO’дан кейин давлат бюджетига келадиган дивидендлар камайиши мумкинлиги.
Сабаби НКМК ҳозир Ўзбекистон бюджети ва олтин-валюта захиралари учун энг муҳим манбалардан бири ҳисобланади.

2026 йилги давлат бюджети прогнозларига кўра, НКМК томонидан тўланадиган солиқ тушумлари мамлакат бюджетининг 20,2 фоизини ташкил қилиши кутилмоқда. Бу комбинат учун сўнгги йиллардаги рекорд кўрсаткич.
Айни пайтда Ўзбекистон халқаро капитал бозорларига чиқиш бўйича бошқа лойиҳаларни давом эттирмоқда.
Миллий инвестиция жамғармаси IPO жараёнида акцияларининг 31 фоизини қарийб 603,6 млн долларга сотди. Акциялар 18 майдан бошлаб фонд биржасида эркин муомалага чиқарилиши кутилмоқда.
Яқин келажакда Uzbekistan Airways, «Навоийуран» каби давлат ташкилотлари, TBC Uzbekistan ва Uzum каби хусусий компаниялар ҳам IPO ўтказишни режа қилган.





