
Ногиронлиги бўлганлар учун молиявий хизматлар янада қулайлашади
Марказий банк ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги инклюзив молиявий муҳитни шакллантириш бўйича ҳамкорликни бошлади.

2025 йил 17 декабр куни Марказий банк ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўртасида ногиронлиги бўлган шахслар учун молиявий оммабопликни оширишга қаратилган «Чора-тадбирлар режаси» имзоланди. Ҳужжат аҳолининг ушбу қатлами учун молиявий хизматлардан тенг ва қулай фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Режада, аввало, ногиронлиги бўлган шахслар учун молиявий хизматлардан фойдаланишда мавжуд шарт-шароитларни ҳар томонлама ўрганиш кўзда тутилган. Бу жараёнда банк бинолари, хизмат кўрсатиш нуқталари, рақамли платформалар ҳамда ахборотга кириш имкониятлари таҳлил қилинади. Аниқланган муаммолар асосида соҳани ривожлантириш бўйича методологик асослар шакллантирилади.
Ҳужжат банк инфратузилмасини жисмоний эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда мослаштиришни ҳам назарда тутади. Хусусан, хизмат кўрсатиш жойларида қулай ҳаракатланиш имкониятини яратиш, ахборот материалларини турли форматларда тақдим этиш ҳамда мижозлар билан ишлаш жараёнларини такомиллаштириш режалаштирилган.
Чора-тадбирлар режасининг яна бир муҳим йўналиши молиявий саводхонликни ошириш ҳисобланади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус ўқув материаллари ишлаб чиқилиб, уларнинг эҳтиёжларига мос ҳолда тайёрланади. Бу эса молиявий қарорлар қабул қилишда мустақилликни оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, молиявий ташкилотлар учун ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича алоҳида йўриқномалар ишлаб чиқилиши белгиланган. Мутахассислар фикрича, мазкур ҳужжатни амалга ошириш инклюзив молиявий тизимни шакллантириш ва барча аҳоли қатламлари учун тенг имкониятларни таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2029 йилгача 55 та ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази ташкил этилиб, ногиронлар, кексалар ва болаларга комплекс хизматлар кўрсатилиши ҳақида хабар берган эдик.





