
Номаълум трейдер Мадуронинг ҳибсга олиниши ортидан 410 минг доллар даромад қилди
Аноним аккаунт эгаси «Polymarket»да Венесуэла президентининг қўлга олинишидан олдин бу бўйича прогнозларга пул тиккан бўлган.

Номаълум трейдер Венесуэла президенти Николас Мадуронинг лавозимидан четлатилиши билан боғлиқ воқеаларга пул тикиб, тахминан 410 минг доллар даромад олди, дея хабар берди «Reuters». Гап «Polymarket» башорат бозорида амалга оширилган операциялар ҳақида бормоқда.
Маълумотларга кўра, ушбу трейдер Мадуронинг ҳибсга олинишидан аввал унинг ҳокимиятдан кетиши эҳтимолига қаратилган шартномаларда позицияларини кучайтирган. Ҳодиса олдидан бу гаровларнинг қиймати тахминан 34 минг долларга тенг бўлган. Аммо АҚШнинг Венесуэла етакчисига қарши ҳарбий операцияси ҳақида хабарлар тарқалгандан сўнг, шартномалар нархи кескин ошган.
Душанба куни глобал молия бозорлари ҳам ушбу янгиликларга реакция қилди. Асосий фонд индекслари ўсди, нефт нархлари кўтарилди. Энергетика компаниялари акциялари эса сезиларли ўсиш қайд этди. Шу билан бирга, Венесуэла давлатининг дефолт ҳолатидаги облигациялари ҳам қимматлади.
Хусусан, ҳукумат ва «Petroleos de Venezuela» томонидан чиқарилган облигациялар бир доллар учун 10 сентгача ёки қарийб 30 фоизга ошди. Бу ҳолат хавфни хуш кўрувчи инвесторлар сиёсий ўзгаришлардан фойда олишга уринганини кўрсатади.
Ушбу сирли савдо АҚШ қонун чиқарувчилари диққатини ҳам тортди. Айрим конгресс аъзолари бундай башорат бозорларида инсайдер ахборотдан фойдаланиш хавфини кучайтириши мумкинлигини таъкидламоқда. Демократ конгрессмен Ритчи Торрес сайланган амалдорлар, қонун чиқарувчилар ва федерал ходимларга муҳим, оммавий бўлмаган маълумотларга кириш имконига эга бўлган платформада пул тикишни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлашини билдирди.
Трейдернинг аноним аккаунти ўтган ой яратилгани маълум бўлди. У 27 декабр куни АҚШнинг Венесуэлага ҳарбий кириб бориши эҳтимолига боғлиқ шартномаларни сотиб олган ва кейинги кунларда бу каби гаровларни яна оширган.





