Ноқонуний дори маҳсулотлари мусодара қилинди

Бугун 09:231 дақиқа

Тошкент вилоятида қиймати тахминан 1 миллиард сўмга баҳоланган ноқонуний дорилар савдоси аниқланди.

Ноқонуний дори маҳсулотлари мусодара қилинди © DXX matbuot xizmati

Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона идоралари томонидан ҳамкорликда тезкор тадбир давомида Тошкент вилоятининг Тошкент туманида яшовчи 1991 йилда туғилган шахс фаолияти фош этилди. У ўз уйида хориждан айланма йўллар орқали олиб келинган дори воситаларини сақлаб, пойтахтдаги дорихоналарга сотиш билан шуғулланган.

Сифати кафолатланмаган дорилар

Омборхона текширилганда 119 турдаги дори воситалари топилди. Уларнинг умумий сони 3356 қутида 76 318 донани ташкил этган. Улар орасида «Frotu», «Budenofalk», «Gaviscon», «Baraclude» каби дорилар мавжуд.

Аниқланган дори воситалари процессуал тартибда мусодара қилиниб, уларнинг дастлабки қиймати тахминан 1 миллиард сўмга баҳоланди. Бу ҳолат ноқонуний фармацевтика бозори ҳажмининг юқорилигини кўрсатмоқда.

Ҳозирда ушбу дори воситаларидан намуналар олиниб, экспертиза ўтказиш учун Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига юборилди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Ноқонуний дори маҳсулотлари мусодара қилинди | Vaqt.uz