
Ноябр ойида инфляция 0,7 фоизга ўсди
Ёқилғи нархлари юқори суръатда ошишда давом этмоқда. Жумладан, 2025 йил сентабридан ишлаб чиқарилиши тўлиқ тўхтатиладиган АИ-80 бензини ҳам 1 фоизга ўсган.

Ноябр ойида мамлакат истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,7 фоизга кўтарилди. Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида қайд этилишича, йиллик истеъмол нархлари индекси 107,5 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 2,5 фоиз банд пастлади. Мавсумий омиллар туфайли айрим асосий озиқ-овқат турларида юқори ўсиш кузатилиб, умумий инфляция босимига таъсир ўтказган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ноябрда ўртача 1 фоизга қимматлаган. Айниқса, бодринг 96 фоиз, помидор 82,2 фоиз, булғор қалампири 61,2 фоиз, бақлажон 51,7 фоизга ошгани инфляцияга катта таъсир кўрсатди. Узум, анор, қовун-тарвуз, олма, мандарин, тухум ва қўй гўшти нархларидаги ўсиш ҳам умумий кўрсаткични юқори сақлаб турди.
Шу билан бирга, айрим маҳсулотларда нархлар пасайиши инфляцияни тўхтатувчи омил бўлди. Сабзи 26,1 фоизга, шолғом 7,1 фоизга арзонлашган. Гуручнинг турли навлари, шaкар, пиёз, банан ва парранда гўшти нархларидаги пасайиш бозордаги умумий босимни бир қадар юмшатди.
Ноозиқ-овқат сегментида пропан нархи 7,4 фоиз, бензин 1,7 фоиз, цемент 1,4 фоиз ва кийим-кечак ҳамда пойафзал 0,7 фоизга кўтарилгани қайд этилди. Хизматлар соҳасидаги нархлар эса ўртача 0,3 фоизга ошди.
Маълумотларга кўра, ҳисоб-китоблар учун мамлакат бўйлаб 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида 195 мингга яқин нархлар ўрганилган. Жами 420 турдаги товар ва 90 турдаги хизмат нархлари мониторинг қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил октябрда инфляция даражаси 0,6 фоизни ташкил этиб, сентябрдаги кўрсаткич билан бир хил бўлган эди.





