Одометр кўрсаткичларини сохталаштирганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Бугун 08:252 дақиқа

Шунингдек, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини муддатидан олдин қисқартириш тартиби ўзгартирилиб, ушбу масала энди фақат суд томонидан кўриб чиқилади.

Одометр кўрсаткичларини сохталаштирганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Ўзбекистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга принципиал ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, унга кўра автомобиль одометри кўрсаткичларини ўзгартирганлик учун жавобгарлик жорий этилади ҳамда вояга етмаганлар иштирокидаги ишларда педагог ёки психолог қатнашиши мажбурий қилиб белгиланади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокамаси доирасида маълум қилинди. Мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Иккиламчи автомобил бозоридаги янги тартиб

Хусусан, автомобил бозоридаги фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида Кодекс янги 178²-модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилганлиги ёки алмаштирилганлиги ҳақида харидорни хабардор этмаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бу норма истеъмолчиларнинг товар ҳақида ҳаққоний ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган бўлиб, иккиламчи автомобиль бозоридаги ноҳалол амалиётларга чек қўяди.

Вояга етмаганлар ҳуқуқлари

Қонуннинг яна бир муҳим йўналиши – вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир. Эндиликда вояга етмаган шахслар иштирокидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини кўриш жараёнида педагог ёки психологнинг иштирок этиши мажбурий этиб белгиланмоқда.

Бу вояга етмаганларнинг руҳий ҳолатини инобатга олиш, уларга нисбатан босим ўтказилишининг олдини олиш ва халқаро стандартларга мос равишда бола манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини яратади.

Шунингдек, Қонун билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини юритишда “рад қилиш” ва “ўзини ўзи рад этиш” институти илк бор тизимлаштирилмоқда. Бу эса судья ёки бошқа ваколатли шахснинг ишга бўлган манфаатдорлигини бартараф этиш ва қарорларнинг холислигини таъминлашга хизмат қилади.

Транспорт воситасини бошқариш ёки ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш тартиби ҳам такомиллаштирилмоқда. Мазкур масала эндиликда фақат суд томонидан аниқ белгиланган шартлар асосида кўриб чиқилади. Агар шахс муқаддам ушбу имтиёздан фойдаланган бўлса ёки жазо муддати давомида такроран ҳуқуқбузарлик содир этса, унга нисбатан бундай енгиллик қўлланилмайди.

Мавзуга оид