Олис ҳудудларда хусусий клиника очганлар учун имтиёзли кредит ажратилади

Бугун 10:552 дақиқа

Ўзбекистонда олис ҳудудларда янги хусусий клиникалар очиш учун 200 миллион долларлик имтиёзли кредит ресурси ажратилиши режалаштирилмоқда.

Олис ҳудудларда хусусий клиника очганлар учун имтиёзли кредит ажратилади

Ўзбекистонда олис ҳудудларда замонавий хусусий клиникалар тармоғини кенгайтириш учун 200 миллион долларлик имтиёзли кредит ресурси ажратилиши кутилмоқда. Бу ҳақда 1 май куни Президент соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан танишган тақдимотда маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, лойиҳаларни молиялаштириш доирасида ҳар бир ташаббускорга 10 йилгача муддатга 10 миллион долларгача кредит ажратиш кўзда тутилган. Бу эса ҳудудларда хусусий тиббиёт хизматлари қамровини сезиларли даражада оширишга хизмат қилиши айтилди.

Шу билан бирга, кредит фоиз ставкасининг ярми давлат томонидан компенсация қилиниши режалаштирилган. Бу механизм инвесторлар учун молиявий юкни камайтиришга қаратилган.

Имтиёз ва енгилликлар

Йиғилишда соҳага хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун қатор солиқ имтиёзлари ҳам таклиф этилди. Хусусан, улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланиши мумкин.

Бундан ташқари, тиббий ускуналар ва уларнинг бутловчи қисмларини импорт қилишда божхона имтиёзлари жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу эса клиникаларни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш жараёнини арзонлаштиради.

Шу орқали тиббий хизматлар сифатини ошириш ва аҳоли учун замонавий диагностика ҳамда даволаш имкониятларини яратиш мақсад қилинган.

Тақдимотда тиббиёт ва фармацевтика соҳасига инвестицияларни жалб қилишнинг янги тизими ҳам муҳокама қилинди. Унга кўра, махсус агентлик ташкил этилиб, инвесторларга “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тизимли равишда шакллантириш ва илгари суриш механизмлари жорий этилиши кутилмоқда. Агентлик ҳузурида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашувчи «Health Invest» компанияси ташкил этилади.

Йиғилишда давлат тиббиёт муассасаларини корпоратив бошқарув асосида трансформация қилиш, шунингдек, халқаро стандартларга мос шаҳарсозлик ва санитария қоидаларини жорий этиш бўйича таклифлар маъқулланди.

Теглар

Мавзуга оид