Logo

Олийгоҳ битирувчиларининг ўртача маоши 5 млн сўмдан ошди

Бугун 16:151 дақиқа

2025 йилги битирувчиларнинг бандлик ва иш ҳақи кўрсаткичлари бўйича маълумотлар эълон қилинди.

Олийгоҳ битирувчиларининг ўртача маоши 5 млн сўмдан ошди © mackinac.org

2025 йилда 114 та олий таълим ташкилотини тамомлаган 242,6 минг нафар битирувчининг ишга жойлашиш муддати ўртача 2 ой 1 кунни, бандлик даражаси эса 75 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги эълон қилган Битирувчилар сифати индексида кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда олийгоҳ  битирувчиларининг ўртача ойлик иш ҳақи 5,1 млн сўмни қайд этган ва уларнинг 60,1 фоизи камида тўрт ой давомида барқарор иш билан таъминланган.

Йўналишлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи бизнес ва бошқарув (8,5 млн сўм), ҳуқуқ (7,3 млн сўм) ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари (6,8 млн сўм) соҳаларида қайд этилган.

Битирувчилар сифати индексида математика ва статистика йўналиши 69,6 балл билан биринчи ўринни эгаллаган. Ундан кейин таълим йўналиши 66,7 балл, бизнес ва бошқарув йўналиши эса 63,9 балл билан жойлашган.

Индекс натижаларига кўра, энг яхши натижа кўрсатган 20 та олий таълим муассасасининг карера марказлари 500 млн сўмдан рағбатлантирилади.

Қайд этилишича, ушбу кўрсаткичлар 8 ойлик кузатув даври асосида шакллантирилган дастлабки натижалардир. Якуний индекс натижалари 12 ойлик маълумотлар асосида жорий йилнинг август ойида эълон қилинади.

Маълумот учун, 2026 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда талабалар сони 1 миллион 535 минг нафарни ташкил этади. Уларнинг 782 минг 900 нафари аёллар, 752 минг 100 нафари  эса эркаклардан иборат.

Теглар

Мавзуга оид