Logo

Олмазордаги ҳодиса бўйича жиноят иши очилди

Бугун 17:202 дақиқа

Ушбу қурилишга алоқадор МЧЖ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларида Жиноят кодексининг 2 та моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган.

Олмазордаги ҳодиса бўйича жиноят иши очилди © Kollaj: Vaqt.uz

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Орзу массивида кўп қаватли уй яқинида жойлашган қурилиш котлованининг бир қисми ўпирилиб тушгани ҳақида ёзган эдик. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Vaqt.uz сўровига асосан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Унинг айтишича, ушбу қурилишга алоқадор МЧЖ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларида Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 192-11-моддасида (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган. Ҳозирда қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шамсутдиновнинг қўшимча қилишича, ҳодиса оқибатида 1 киши жароҳат олган. Айни пайтда у шифохонада даволанмоқда.

Ҳодиса 2-август куни юз берганди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бу бўйича муносабат билдириб, ҳодиса оқибатида жабрланганлар ҳамда тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар йўқлигини маълум қилганди. Аммо тарқалган видеоларда қурилиш майдонидаги айрим ишчиларга тиббий ёрдам кўрсатилаётгани ҳам акс этганди.

Воқеа оқибатида асфальтнинг бир қисми ўпирилгани, унинг остида катта бўшлиқ ҳосил бўлгани ва бу йўлнинг янада чўкиб кетиши хавфини юзага келтиргани айтилди. Шунингдек, электр кабели шикастланиб, ёнғин юзага келгани ва ҳудуд бир муддат электр таъминотисиз қолгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойи бошида пойтахтнинг Сергели туманида қурилаётган кўп қаватли уй-жойда жиддий қоидабузарликлар аниқланганди.

Теглар

Мавзуга оид