Олтин бозори: январ ойида ким қанча олтин сотиб олди?
Ўзбекистон январ ойида дунёда энг кўп олтин сотиб олган давлат бўлди. Россия эса 9 тонна олтин сотиб, энг йирик сотувчига айланди.

Ўзбекистон Марказий банки январь ойида 9 тонна олтин сотиб олиб, дунёдаги энг йирик харидорга айланди. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) хабар берди.
Январ ойида марказий банклар соф ҳисобда 5 тонна олтин харид қилган. Бу кўрсаткич йил бошида харидлар суръати пасайганини кўрсатади. Таққослаш учун, 2025 йилда ойлик ўртача харидлар 27 тоннани ташкил этган эди.
Олтин сотиб олган давлатлар
Харидлар асосан Марказий ва Шарқий Осиё марказий банклари томонидан амалга оширилди. Шунингдек, Шарқий Европа мамлакатлари ҳам захираларини оширди.
Ўзбекистон Марказий банки октябрдан буён давом этаётган харидлар сериясини давом эттириб, январ ойида 9 тонна олтин сотиб олди. Натижада мамлакатнинг олтин захиралари 399 тоннага етди.
Ўзбекистонда олтин улуши 2020 йилда умумий захираларнинг 57 фоизини ташкил этган бўлса, 2026 йил январ ҳолатига кўра бу кўрсаткич 86 фоизга етди.
2018 йилдан бери биринчи марта олтин захираларини 3 тоннага оширган Малайзия марказий банки январь ойида энг кўп олтин харид қилган иккинчи мамлакат бўлди. Шу билан мамлакатнинг олтин захиралари 42 тоннага етиб, умумий захираларнинг 5 фоизини ташкил қилди.
Январ ойида олтин харид қилган бошқа марказий банклар қаторига Чехия (2 тонна), Индонезия (2 тонна), Хитой (1 тонна) ва Сербия (1 тонна) киради.

Олтин сотган давлатлар
Россия Марказий банки январ ойида 9 тонна олтин сотиб, энг йирик сотувчи бўлди. Ундан кейин Болгария Миллий банки 2 тонна олтин сотди. Қозоғистон ва Қирғиз Республикаси ҳам ҳар бири олтин захираларини 1 тоннадан камайтирди.
Дунёда олтин нархининг кескин ўсиши фонида Ўзбекистон Марказий банки январ ойида ҳеч қанча олтин сотмади. Маълумот ўрнида, мамлакат уч йилдан бери январда олтин сотувини амалга оширмаяпти. Таҳлилчилар фикрларига кўра, Ўзбекистон Марказий банки жаҳонда содир бўлаётган геосиёсий муаммолар сабаб олтин нархи келажакда бундан ҳам ошиши мумкинлигига ишонмоқда.
Маълумот учун: 2025 йил давомида Ўзбекистон 7,8 тонна олтин харид қилди. 2020–2025 йиллар оралиғида эса жами 54,4 тонна қимматбаҳо металл сотиб олган. Ҳозирда мамлакат 64,98 млрд долларлик олтин захиралари билан дунёда 14-ўринда туради.





