Олтин уч ҳафталик энг юқори даражадан пасайди

24.02.2026 | 11:152 дақиқа

Айримлар олтин нархидаги бундай ўзгаришни сезиларли ўсишдан кейинги «ҳазм қилиш» жараёни демоқда.

Олтин уч ҳафталик энг юқори даражадан пасайди

Бугун, 24 феврал куни олтин нархи тушди. Инвесторлар олдинги сессияда 2 фоиздан ортиқ ўсган қимматбаҳо металл бўйича фойдани қайд этди, шунингдек мустаҳкамланган доллар ҳам «сариқ металл»га босим ўтказди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Спот-олтин 0,8 фоизга арзонлашиб, унцияси 5 189,99 долларга тушди. Шу билан у тўрт сессиялик ўсиш сериясини тўхтатди ва кун давомида қайд этилган уч ҳафтадан ортиқ муддатдаги энг юқори даражадан пасайди. Олдинги савдо кунида олтин 2,5 фоизга қимматлашган эди.

АҚШнинг апрел ойи учун олтин фючерслари 0,3 фоизга тушиб, 5 210,40 долларга тенг бўлди.

«Кеча олтинда сезиларли ўсиш кузатилди. Ҳозир эса маълум даражада «ҳазм қилиш» жараёни кетмоқда. Шуниси эътиборлики, Уолл-стритдаги ваҳима Осиё бозорларига тўлиқ кўчмади» – дейди «Tastylive» компанияси глобал макро тадқиқотлар раҳбари Иля Спивак.

Унинг айтишича, доллар мустаҳкамланиши ва инвесторларнинг фойдани қайд этиши олтин нархининг пасайишига сабаб бўлган.

Осиё бозорлари очилди

24 феврал куни Осиё акция бозорлари эрта савдоларда беқарор ҳаракат қилди. АҚШ бозорларидаги кечаги кескин сотувлар инвесторларни хавотирга солди. Кайфиятга Доналд Трампнинг тариф сиёсати борасидаги ноаниқлик ва Эрон билан кескинликнинг кучайиши салбий таъсир кўрсатди.

Доллар бироз қимматлашди, бу эса бошқа валюталар эгалари учун долларда баҳоланадиган олтинни қимматроқ қилди.

Трампнинг огоҳлантириши

23 феврал куни Трамп Олий суд унинг фавқулодда тарифларини бекор қилганидан сўнг, яқинда тузилган савдо келишувларидан чекинишга уринган мамлакатлар бошқа савдо қонунлари асосида анча юқори божларга дучор бўлишини айтди.

Шунингдек, Федерал захира губернатори Кристофер Валлернинг айтишича, агар феврал ойидаги меҳнат бозори маълумотлари 2025 йилдаги заифликдан сўнг бозор «янада мустаҳкам пойдеворга ўтгани»ни кўрсатса, март ойидаги йиғилишда фоиз ставкаларини ўзгаришсиз қолдиришга тайёр.

«CME Group»нинг «FedWatch» воситаси маълумотларига кўра, бозорлар жорий йилда 25 базис пунктдан иборат учта ставкани пасайтиришни кутмоқда.

Спот-кумуш 1 фоизга тушиб, унцияси 87,38 долларга етди (23 феврал куни икки ҳафталик энг юқори даражага чиққан эди). Платина 0,7 фоизга арзонлашиб, 2 139,25 долларга тушди, палладий эса 0,3 фоизга қимматлашиб, 1 748,12 долларга етди.

Теглар

Мавзуга оид